Get Mystery Box with random crypto!

​​Захарова Ўзбекистондаги тил сиёсати ҳақида яна муносабат бил | platforma.uz

​​Захарова Ўзбекистондаги тил сиёсати ҳақида яна муносабат билдирди

Россия ташқи ишлар вазирлиги ахборот ва матбуот департаменти директори, фамилияси ҳамда қиладиган баёнотлари кўпинча ўзбекчадаги бир сўзни эслатиб юборадиган Мария Захарова Ўзбекистонда ўзбек тили мавқеини кучайтириш бўйича олиб борилаётган сиёсат ҳақида ўз фикрларини билдирибди.

Эътиборлиси, бу сафарги чиқиши олдинги тепадан келишлардан анча фарқ қилади ва юмшоқ «тон»га эга (балки хулоса чиқаргандир, балки бошқа сабаб...), лекин маъносида ўша-ўша фироқ бор. Хуллас, Мария хоним шундай деб ёзибди:

" 27 январда Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қайд этиб ўтамизки, унда бошқа тилларнинг мақоми (республикада 100га яқин элат яшайди) ва тил белгиси бўйича камситишга йўл қўйилмасликка оид қоидалар ўз аксини топган.

Биз Ўзбекистонда рус тилини билишни мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз. У тарқалиши ва ижтимоий аҳамияти жиҳатидан давлат тилидан кейинги иккини ўринда туради ва Ўзбекистондаги ўрта мактабларда уни ўрганиш мажбурийдир.

2020 йил октябрь ойида Республика раҳбарияти томонидан А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишини ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблаймиз. У бакалавр ва магистрларни тайёрлаш билан бир қаторда ҳамкорларимиз томонидан етишмаслиги айтилаётган педагогларни профессионал қайта тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида уларнинг сони қарийб 1000 кишини ташкил этади.

2020 йил октябрь ойида Россия маориф вазирлиги ва Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги томонидан А.Усмоновнинг «Санъат, илм-фан ва спорт» хайрия жамғармаси кўмагида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети базасида Ўзбекистонда рус тили ва рус тилида умумтаълим фанларини ўқитиш сифатини ошириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган лойиҳа ишга туширилди.

2020 — 2030 йилларда республикага минг нафаргача россиялик мутахассисларни юборган ҳолда, Ўзбекистон халқ таълими тизимидаги педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича 14 та ҳудудий марказ ҳамда мамлакатдаги 10 мингтагача мактабларни босқичма-босқич қамраб олиш режалаштирилмоқда."

P/s: Бундай кутилмаган, балки кутилган баёнот бежиз эмас, деб ўйладик. Сабаби, яқинда, аниқроғи, 9 февраль куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистон мактаблари ва олий ўқув юртларида дарс бериш мақсадида юртимизга ташриф буюрган 27 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчи ва олимлари билан учрашган эди. Мазкур мутахассислар Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Жиззах, Навоий вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб боришлари режалаштирилган.

@platformauzb