Get Mystery Box with random crypto!

​ Ўқувчиларни ҳар қандай вазиятда ҳам дарсдан чиқариб юбориш м | Ўқитувчилар

Ўқувчиларни ҳар қандай вазиятда ҳам дарсдан чиқариб юбориш мумкин эмас

Савол:

Ассалому алайкум. Бизни мактабимизда тўрт нафар 10 синф ўқувчилари мактабга формасиз келяпти, улар ўқув-қуролларини ҳам олиб келмайди, баъзида эса дарсларга ҳам кеч қолиб келишади. Ўзим тарих фани ўқитувчисиман ва шу синфга раҳбарлик ҳам қиламан. Аёл киши бўлганим учун айрим ўқувчиларим менга бўйсунишмаяпти. Яқинда уларни дарсдан чиқариб юборгандим, директоримиздан гап эшитдим. Саолим шундан иборатки, мактаб тартиб қоидаларига бўйсинмайдиган ўқувчиларни дарсдан чиқариб юборишга ҳаққим борми?

Жавоб:

Ўқувчиларни дарсларга кечиккани ёки мактаб формасининг йўқлиги учун дарсдан чиқариб бўлмайди.

Ўқув режасига кирмаса, уларни бошқа ишлар учун дарсдан қолдириб ҳам бўлмайди. Мактабга келган ўқувчини дарс вақтида қаровсиз қолдириб, уларни кечиккани, ўқув қуролларининг йўқлиги ёки мактаб формасининг йўқлиги учун дарсдан ҳайдаб чиқариб юбориш ҳақида меъёрий ҳужжатларда ҳеч қандай қоида қайд этилмаган.

Дарсга кечикиш, ўқувчилар томонидан ўқув-қуролларини олиб келинмаслиги ёки мактаб формасининг йўқлиги ўқувчини дарсга киритилмаслигига асос бўлмайди. Таълим муассаларидаги ўқув жараёни «қонунийлик, демократик, камситишга йўл қўймаслик ва ҳурмат» принципларига асосланиши керак.

Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 28 майдаги 131-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”га кўра, ўқитувчилар жамоа аъзолари ва бошқаларинг шахсиятини ва қадр-қимматини камситиши, ўқувчиларни дарс машғулотларидан асоссиз чиқариб юбориш ёки киритмаслиги ҳамда “Чиқиш” қўнғироғи чалингандан кейин ўқувчиларни синфхонада ушлаб ўтириши ҳам мумкин эмас.

Ҳўш унда мактаб ички тартиб қоидаларига бўйсунмаган ўқувчиларга қандай чора кўрилади?

Ўқувчилар ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганида уларнинг қоғоз ёки электрон кундалигига танбеҳ ёзиш, қоида бузилиш ҳолатлари такроран кузатилганда эса ўқувчини мактаб ички назорат рўйхатига олиш ва якка тартибда шуғулланиш, бу ҳам фойда бермаса қоида бузган ўқувчинини бошқа синфга ўтказиш, синф жамоаси орасида муҳокама қилиш, ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)ни мактабга таклиф қилиш, “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши доирасида муҳокама қилиш мумкин.

Мазкур қоидаларга риоя этмаганлик ҳолатлари таълим муассасасидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари ва мактабнинг кузатув кенгашларида ҳам муҳокама қилиниши мумкин.

@pedagoglarmiz