Get Mystery Box with random crypto!

Соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш учун, нималарга аҳ | Payariq tibbiyoti "Salomatlik saboqlari"

Соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш учун, нималарга аҳамият қаратиш керак?

Сиз соғлом турмуш қоидаларига риоя қилишингиз учун, энг аввало, ўзингиздаги зарарли одатлардан қутулишингиз керак.

Овқатланишда меъёрга амал қилиб, хилма-хилликка эътибор беришингиз керак. Тана оғирлигига аҳамият қаратиб, ортиқча ва режимсиз, пала-партиш овқатланишга чек қўйинг, егуликлар ва уларнинг таркибий қисмлари ҳақида тушунча ҳосил қилиб, уларга риоя этишга интилинг;

Жисмоний фаол бўлинг. Бунинг учун биринчи галда бўғимларни ҳаракатга келтирувчи машқлар мажмуини белгиланг. Уни уй шароитида бажариладиган машқлардан бошлаш мумкин. Эрталаб туриб сайр қилиш, юриш, югуришга одатланинг. Кундалик ҳаракат дастурингиз оз бўлса ҳам доимий бажариладиган машғулотлардан иборат бўлсин;

Кун тартибини тўғри режалаштиринг. Ҳар куни эрта уйқуга ётиб, эрта туришни одатга айлантиринг. Ўқишда танаффусларга риоя қилинг. Танаффуслар вақтида очиқ ҳавога чиқинг;

Ўзаро муомала ва муносабатларда иззат-ҳурмат, ахлоқ, одоб меъёрларига, жамият қонунларига риоя қилинг. Руҳий саломатликни асранг. Оилавий муносабатлар ҳам ўзаро муносабатларнинг давоми. Оилавий жуфт танлашда асосий талабни чирой, мавқе, бойлик каби омилларга қараб эмас, балки, тиббий-биологик ва ижтимоий-психологик омиллар нуқтаи-назардан ҳал қилишга интилинг;

Озодаликни одат қилинг. Тозалик масалаларида билим ва малакангизни мустаҳкамлаб боринг, шахсий гигиена қоидаларига-қўл тозалиги, оғиз бўшлиғи гигиенаси, соч гигиенаси, тери гигиенаси қоидаларига риоя қилиш соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий омилидир;

Эҳтиёткорлик кундалик турмушингизнинг асосий талаби бўлсин. Ҳар бир техника ва механизмлардан фойдаланишда, бирор бир иш, ҳатто бирор гапни гапиришдан олдин унинг оқибатлари ҳақида обдон ўйлаб кўринг;

Келажакда соғлом фарзандлар туғилишини таъминлаш учун оилавий турмуш қуришга шайланаётган йигит ва қизлар тиббий нуқтаи назардан киши организмининг етилиш даври, никоҳ гигиенаси ва жинсий ҳаёт ҳамда соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимлардан хабардор бўлишлари лозим;

Шифокорлар ҳузурида бўлиб, йилда камида 1 маротаба профилактик тиббий кўриклардан ўтинг. Чунки касалликни даволашдан кўра, уни олдини олиш осонроқ ва муҳимроқдир;

Салбий руҳий ҳолатлар кўпинча хасталикларни, жумладан, қон босими, невроз, ошқозон яраси, ўсма, қандли диабет сингари касалликларни келтириб чиқаради. Олимларнинг фикрича, инсон ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмаслиги, аксинча, ақл билан иш тутиб, ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаши ва шунга яраша меҳнат қилиши лозим.

Сиз юқоридаги талабларни турмушингизга киритгандан сўнг, соғлом турмуш тарзининг ҳар бир йўналишини такомиллаштиришга ҳаракат қилиб боринг. Бунинг учун оилада соғлом турмуш тарзи ва сиҳат - саломатликни сақлаш, жисмонан баркамолликка эришиш тўғрисидаги қўлланмаларни ўқиш, теледастурдаги саломатлик ва жисмоний баркамоллик мавзусидаги кўрсатувларни мунтазам кўриш, шу соҳага алоқадор билимлар доирасини кенгайтириш ва тиббий саводхонликни ошириб бориш лозим бўлади. Соғлом турмуш тарзига камида 2 - 3 ойда кўникмалар шаклланиб, 5 - 6 ойда улар мустаҳкамланиб, 1 йилдан кейин эса бундай турмуш тарзи Сиз учун кундалик одатга айланади. Сиз ҳақиқий соғлиқ нима эканлигини ана ўшанда тушунасиз.
Tibbiyot birlashmasi
kanaliga obuna bo'ling
https://t.me/payariqttb
https://www.facebook.com/groups/payariqttb