Get Mystery Box with random crypto!

МУАЛЛИМ « ЕРДАН ЧИҚҚАН ҚЎЗИҚОРИН” МАС... - Алгебра фанидан да | Past Darg‘omliklar 24 Расмий канали

МУАЛЛИМ « ЕРДАН ЧИҚҚАН ҚЎЗИҚОРИН” МАС...
- Алгебра фанидан дарс эди. Катта танаффусда футбол ўйини озроқ чўзилди. Синфга барча ўғил болалар терлаб-пишиб қўнғироқдан сўнг югурдик. Улгурмадик. Аллақачон дарс бошланибди. Кечиқканларни ўқитувчи бурчакка туришни ишора қилганча, машғулотларни тушунтиришда давом этди. Сўнг бир-бир бурчакда турганларга юзланди.
- Шу масаланинг ечими қандай бўлади?
Табиийки, хаёли ўқитувчининг қандай чора кўришида бўлган болалардан ҳеч бири жавоб беролмади.
- Нега дарсга кечикдинг? – дея биринчи турган ўртоғимизга юзланди муаллим. Ҳаммаси равшан-ку, уст-бош чанг, пешонасидан тер қуйилаяпти. Миқ этолмади. Эвазига бир тарсаки тушди юзига. Шу тахлит 7-8 нафар ўқувчининг юзи муаллимнинг қўллари билан “сийпаланди”.
Катта корхонада бош иқтисодчи вазифасида ишлаётган раҳбар бу даражага етишганига доимо ўша шапалоқ туширган устози сабабчи эканини айтишдан эринмайди. Хотирага айланган бу гапни нега эсладим?
Очиғи, кейинги пайтда ижтимоий тармоқлар орқали қайсидир ўқитувчи ўқувчисини ургани, қаттиқ дашном бергани, ота-онанинг бу масалада судгаач мурожаат қилгани хусусидаги фикр-мулоҳазалар кенг тарқалаётганига гувоҳмиз. Устоз ўқувчини урганини оқлаш фикридан йироқмиз. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Нега бугунги ўқувчи дарс пайтида ўқитувчини асабига “ўйнагани”ни эмас, балки уришганини ота-онага “чақиш”ни одат қилаяпти? Бунга ижтимоий тармоқлардаги шундай ҳолат юзасидан аюҳаннос солишнинг натижаси эмасми? Ота-она-чи? Нега улар даставвал, фарзандининг айбини яшириб, ўқитувчининг “айби”ни ошираяпти? Бу ҳолат бир кун келиб, ота-она фарзанди ноқобиллигидан нолишига сабаб бўлиши тайин-ку.
- Дилшоджон синфда ўртаҳол ўқийдиган ўқувчилар қаторига киради,- деди бир муаллима. – Кейинги пайтда блогер, журналист бўлишни орзу қилаётганидан ҳам хабарим бор. Ота-онаси ҳам “Ёш журналистлар мактаби” дан ўқиб келсин, жуда қизиқади,- деб ҳоли жонимга қўймади. Раъйини қайтара олмадик. Директордан рухсат сўраб, ҳафтасига бир-икки тўгаракка қатнашига изн бердик. Бола бир ойда ўзгарди-қолди. Дарс вақти бошқаларга халақит бериб, телефон титкилайди. Кимдандир камчилик ахтариш, танқид қилишга мойиллиги кучаяётганини ҳатти-ҳаракатларидан сеза бошладим. Дарсларни деярли йиғиштириб қўйди. Куни кеча ҳам дарс машғулотлари пайти 3-4 та тенгқурлари билан (улар ҳам ўша мактаб тингловчиси экан) келиб, ўзи таълим олаётган мактабининг ён-атрофи, ички томонларини телефонда суратга тушира бошлади. Инсоннинг асаби темирдан эмас-ку. Унинг бу қилиғидан норози бўлиб, қаттиқроқ гапирдим. Қарангки, ўртоқларини кузатиб қайтган ўқувчим “ Шу мактабда ўқимасам қутуламанми?” дейишгача бориб етди. Кейин билсам, менинг жаҳлимни чиқариш, ноўрин гап оғзимдан чиқишини пойлаб, диктофонини қўшиб олган экан...
Муаллиманинг бу ҳикоясидан ҳар ким ҳар хил хулоса чиқаради. “Бопла, ёзиб (ёки видеога олиб) ижтимоий тармоққа қўй”, деб маслаҳат берувчи “устоз”лар афсуски, кўп. Тафсилотнинг давомини тасаввур қилаверинг. Қирқ йил ўқитувчилик қилган инсон билан ҳали суяги қотмаган болакайнинг видеоси ижтимоий тармоқда “бўй” кўрсатгач, тарозининг посангисида ўқитувчининг меҳнати бир “чақа”га қимматдек кўринади. Аксарият одамлар ўша ўқитувчини “тошбўрон” қилади.
Энди бир савол. Уйда фарзанд шўхлик ( Айтайлик, бехосдан идиш синдирди) қилади. Шундай пайтда ҳар бир ота-она болага дашном бериши, енгилгина “жазо”лаши тайин. Устоз-чи? Шогирдини камоли учун нега койимаслиги, “жазо”ламаслиги керак? Баъзида ўз фарзандининг ҳадсиз шўхликларига чидай олмаган баъзи ота-оналарнинг “ Барака топгур, тезроқ мактабингга бора қол, 4-5 соат бўлса ҳам қулоғим тинчисин” деган гаплари қулоққа чалинади. Нега? Болага таълим-тарбия бериш осонмас. Ҳатто, “қулоқсиз” болаларга ҳам шу устозлар таълим-тарбия бераяпти.
Муаллим “Ердан чиққан қўзиқорин эмас”. Бу бизнинг шахсий фикримиз. Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Бахтиёр ШУКУРОВ,
Гулжаҳон МАРДОН қизи.

Бизга уланиш

@Pastdargom_24