Get Mystery Box with random crypto!

​Ватанимизнинг юксак эътирофи муборак! Мамлакатимиз бўйлаб эн | Ozodbek Nazarbekov

Ватанимизнинг юксак эътирофи муборак!

Мамлакатимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллик байрам шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Президентимиз Фармони билан бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига муносиб кўрилди.

Хусусан, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди, кенг қамровли ижодий, илмий-амалий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларимизни она юртга чексиз муҳаббат ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун эътироф этилганлар қаторида маданият ва санъат соҳаси ходимларининг ҳам борлиги барчамизга чексиз мамнуният бағишлади.

“Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми”, “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” орденлари, “Келажак бунёдкори” ва “Шуҳрат” медаллари соҳиблари сафи кенгайиб бораётгани соҳа вакилларининг юрт равнақига дахлдорлик туйғуси тобора ортаётгани ҳамда эзгу саъй-ҳаракатларнинг ҳеч бири давлатимиз эътиборидан четда қолмаётганининг тасдиғидир. Бошқача айтганда, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган эзгу ғоя ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Албатта, маданият ва санъат ходимларининг жамият тараққиётидаги ўрни ва таъсири катта. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудуди, ҳатто энг чекка қишлоқларида ўтказилаётган байрам тадбирларида иштирок этаётган соҳа вакиллари, “Маданият карвони”нинг фидойи тарғиботчилари, маданият бошқармалари ходимлари, кино ва театр артистлари, элимиз ардоғидаги санъаткорлар фаолиятида яққол намоён бўлмоқда. Уларни чексиз меҳр-муҳаббат, қувончу шодлик билан кутиб олаётган юртдошларимиз чеҳрасидаги миннатдорлик ифодалари эса бизга ҳам кўтаринкилик бағишлайди. Бугунги унвону мукофотлар шундай фидокорона меҳнатларингиз меваси, Ватанимизнинг юксак эътирофидир.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай бахтга муяссар бўлган барчани, маданият ва санъат ходимларини қўшалоқ байрам билан чин дилдан муборакбод этамиз. Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, ҳамиша эл-юрт ардоғида бўлиш насиб этишини тилаймиз.

Гўзал ва бетакрор юртимиз доимо тинч, халқимиз омон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Озодбек Назарбеков,
маданият вазири