Get Mystery Box with random crypto!

Исмимни айтиб чақиринг Айтишларича, инсон учун ўзига энг ёқим | Oʻzinga xush kelding

Исмимни айтиб чақиринг

Айтишларича, инсон учун ўзига энг ёқимли сўзлардан бири унинг исми экан.
Назаримда, бу гап рост.
Бундан анча йиллар олдин бир қадрдоним айтган эди. Дўконгами, бирор юмуш билан давлат идораларигами кирсам, ходимларнинг исмини билиб олишга ҳаракат қиламан. Кейин исми билан мурожаат қиламан. Масалан, "Гулҳаёхон, мана шу ишимни битириб беринг, илтимос"
Бу худди сеҳрдек таъсир қилади, ишларим осон битади...

Отам раҳматлик учта куёвларининг ортидан ҳам хўжа отини қўшиб гапирар эдилар. Турмуш ўртоғимни Юсуфхўжа эшон дер эдилар. Аслида, бу—ўзликни, ўзини улуғлашдир

Бир келинчак ёзғириб қолди.

—Қайнонам ҳеч отимни атамайдилар, доим "Келин",—деб чақирадилар, жуда хафа бўламан.
—Ўзингиз ҳам Ойижоним демай, қайнонам деяпсиз-ку, —ҳазилга оламан.
—Йўқ, мен гап ким ҳақида эканлигини сизга тушунтириш учун ойижонимни қайнонам деб айтдим, —дейди ерга қараб.

Келинларимнинг исмига хон сўзини қўшиб ишлатаман, шунга ўрганганман. Баъзида ўғилларимга кичик хабар жўнатаётиб, жуфтининг исмини ишлатсам, гарчи шошиб турган бўлсам ҳам Нозимахон, Мунисахон деб ёзаман.

Янги келинчак мактуб ёзибди.
"Ойижон ўзимга исмим билан мурожаат қиладилар, ўғилларига қўнғироқ қилсалар, "анави довдиринг", ёки "хотинчанг", деб гап бошлайдилар, шу сўзни эшитсам, бўғилиб кетяпман"...

Пайғамбармиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сўзда сеҳр бор, ёки баъзи сўзларда сеҳр бор”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Оиладаги арзимаган жанжаллар, кўнгилсизликлар ўринсиз айтилган бир сўз билан бошланади.

Исм мулк, у ўз эгаси учун қадрли ҳисобланади. Исми эъзозланган одам, ўзи эъзозлангандек бўлади

Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади. Исмимиз шу қадар илоҳий, шу қадар табаррук!

Келинг, бугундан бошлаб яқинларимиз исмини гўзал оҳангларда айтамиз...


Феруза Салходжаева