Get Mystery Box with random crypto!

#Таҳорат_китоби 11. Бир киши таҳорат олмоқчи бўлса, буни қай т | Oxun bobo markaziy masjidi

#Таҳорат_китоби
11. Бир киши таҳорат олмоқчи бўлса, буни қай тартибда амалга оширади?
1. Таҳоратни «басмала» — «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлайди. Кейин икки қўлини билаклари билан қўшиб уч марта ювади. Бармоқларининг орасини ишқалаб тахлил қилади. Сўнгра мисвок қилади.
2. Ўнг кафтига сув тўлдириб, оғзига олиб боради ҳамда оғзининг ичигача чайқайди. Буни уч марта такрорлайди.
3. Ўнг кафтига сув олиб, бурнига олиб боради ва бурнининг ичигача тортади. Кейин чап қўли билан қоқади. Буни уч маротаба, ҳар бирида янги сув олиб такрорлайди.
4. Сўнгра икки кафтига сув тўлдириб, улар билан юзини тўлиқ ювади. Ювганда аввал пешонадан бошлайди. Юзни шу тариқа уч марта ювади.
5. Сўнгра ўнг қўлини кафтининг аввалидан бошлаб қўлининг тирсаги билан қўшиб барча қисмини ювади. Терисига сув етиши учун чап қўли билан ишқалайди. Чап қўлини ҳам худди шу тарзда ювади.
6. Сўнгра икки қўлини янгидан ҳўллаб, аввал кўрсаткич ва бош бармоқларидан ташқари бармоқлари билан бошнинг олдидан бошлаб орқа бўйингача масҳ тортади, сўнгра қайтишда икки кафти билан бошнинг икки ёнига масҳ тортади.
7. Бошга масҳ тортгандан кейин ишлатилмай турилган кўрсаткич ва бош бармоқ билан икки қулоғига масҳ тортади. Қулоқнинг ичига кўрсаткич бармоқ билан ва ташига эса бош бармоқ билан масҳ тортади.
8. Сўнгра икки қўлдан қолган ҳўл бармоқларнинг орқаси билан бўйнига масҳ тортади.
9. Охирида икки оёғини ювади. Аввал ўнг оёқни ювади. Ювишни бармоқларининг учидан бошлайди. Кейин қўл бармоқлари билан оёқ бармоқларининг орасини хилол қилади. Охирида икки тўпиғидан сувни айлантириб оёқнинг орқасини ювиб тугатади. Барча аъзолар каби оёғини ҳам уч марта ювади. Чап оёқ ҳам шу каби ювилади.

12) «Хилол» дегани нима?
«Хилол» қўл ва оёқни ювиш пайтида иккисининг бармоқлари орасига сув етказишдир. Икки қўлнинг бармоқлари бир-бирининг орасига киритиб хилол қилинади. Икки оёқнинг бармоқларини ювишда чап қўлнинг жимжилоғи билан хилол қилинади. Соқолни хилол қилишда эса ўнг қўлнинг ҳўлланган бармоқлари соқол орасига киритилади.

13) Агар киши таҳоратдан фориғ бўлса, унга қандай амаллар суннат бўлади?
Унга кафтига сув тўлдириб, ўтирган ёки турган ҳолда ичиши ва қиблага юзланиб турган ёки ўтирган ҳолда қуйидаги дуони айтиши суннатдир.
«Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадар расулуллоҳи, аллоҳуммажъалний минат таввабийна важъалний минал мутатоҳҳирийн» (Маъноси: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг Расули эканларига гувоҳлик бераман. Аллоҳим, мени кўп тавба этувчилардан қилгин ва доимо покланувчилардан айлагин»).

14) Фарзнинг таърифи нима?
Фарз қатъий далил билан, жазм ила собит бўлган ҳамда амал фақат у билангина тўлиқ бўладиган амалдир.

15) Ҳанафийлар наздида таҳоратнинг фарзлари нечта?
Буларни Аллоҳ таоло таҳорат оятида зикр қилган:
1. Юзнинг узунасига пешонанинг устидан иякнинг остигача ва энига икки қулоқнинг юмшоғигача бўлган жойини бир маротаба ювиш.
2. Икки қўлни тирсаклари билан бирга бир марта ювиш.
3. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш.
4. Икки оёқни тўпиқлари билан биргаликда бир марта ювиш.

16) Ювиш деб нимага айтилади?
«Ювиш» деб, сув ва сувга ўхшаш суюқ ва покловчи суюқликларни бирор нарсанинг устидан қуйишга айтилади.

17) Қор билан таҳорат қилса бўладими?
Агар қорни таҳорат қилинадиган аъзога ишқалаганда бир неча томчи сув оқса, таҳорат жоиз бўлади.

18) Қишнинг совуқ кунларида қандай таҳорат қилинади?
Аввал сув билан баданини ёғлагандек ҳўллаб олади. Сўнгра устидан сув қуяди. Чунки қишда тери совуқдан қуриб қолади.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар" китобидан.

@oxunbobooficial