Get Mystery Box with random crypto!

ТИНЧЛИКНИНГ РАНГИ ...Бобо бироз ичкарилагач, муюлишдаги омона | Koʻngul ozоdadur...

ТИНЧЛИКНИНГ РАНГИ

...Бобо бироз ичкарилагач, муюлишдаги омонатгина ўриндиққа нафас ростлаш учун ўтирди. Сал нарида ўн‑ўн беш чоғли болакай тарвақайлаган катта тут остида давра олиб, қандайдир ўйинни ўйнашмоқда. Қизиқиб кузатди.

Ўйинбоши бола савол айтар, уни қуршаб олган болакайлар эса ўйин шартига кўра худди тез айтиш каби чаққонлик билан жавоб қайтаришарди. Саволга нотўғри жавоб берган иштирокчи ўйиндан чиқариб юбориларкан...

‒ Осмоннинг ранги? ‒ сўради ўйинбоши.

‒ Мовий... ‒ чуғурлашди болалар.

‒ Сомоннинг ранги?

‒ Сариқ...

‒ Сувнинг ранги?

‒ Шаффоф...

‒ Олманинг ранги?

‒ Қизил...

Иштирокчиларнинг ичида кимдир «кўк» деб юборди. Шунда ўйинбоши: «Адҳам, сен нотўғри жавоб бердинг, ўйиндан чиқасан», ‒ деди.

‒ Нега экан? Олма пишмасдан олдин кўк бўлади‑ку?!

‒ Мен пишган олма ҳақида сўраган эдим.

‒ Унда сен «Пишган олманинг ранги?» деб айтишинг керак эди. Бундан ташқари ҳамма олмалар ҳам қизил бўлмайди! Мен хато айтмадим. Чиқмайман ўйиндан!

– Майли, кейинги гал чалкаштирсанг, ўзингдан хафа бўл! Саволни давом эттираман. Нафас олмасдан тез жавоб беринглар.

‒ Тинчликнинг ранги?

‒ Яшил! ‒ деди беихтиёр жингалик сочли бир қизалоқ. Қараса, бошқалар жим турибди. Кейин ҳамма бараварига кулиб юборди.

‒ Тинчлик ‒ бу сўз‑ку, жинни! Унинг қанақа ранги бўлиши мумкин? ‒ билағон болалардан бири уни мазах қилиб қотиб‑қотиб куларди.
Қизча йиғламоқдан бери бўлиб ютқазганлар ёнига бориб ўтирди. Шунда боядан бери ўйинни берилиб томоша қилаётган. Исроил бобо ўрнидан туриб кетди:

‒ Ҳой, шошма, ‒ деди савол тўқиётган болага.

‒ Бу қароринг адолатдан эмас, чироғим!

Болалар ялт этиб оппоқ соқолли бобога қарашди.

‒ Ўйинларинг қизиқ экан. Хотирани чархлайди. Ақлни пешлайди. Лекин ёшим 91 га кириб, тинчликнинг ранги тўғрисида ўйлаб кўрмаган эканман. Бу рангни мен бугун топдим! У яшил! Сизлар ўйиндан чиқариб юборган қизим топиб берди уни! Энди саволни сизларга мен берай:

‒ Қурғоқчилик кўп бўладиган сувсиз ерларда экин битадими? Унақа жойларнинг ранги қандай бўлади?

‒ Сариқ, ‒ деди оҳиста болалар.

– Уруш бўлиб, осмондан бомбалар ёғилиб турган жойларда-чи?

‒ Ҳамма нарса ёниб, қорайиб кетса керак, ‒ деди кимдир.

‒ Ана шундай нотинч жойда яшайдиган одамларнинг ранги-чи?

Болалар бу саволга жавоб излаб бир муддат тўхтаб қолишди.

‒ Билмайсизлар! ‒ деди бобо. ‒ Чунки у кунларни сизлар кўрмагансизлар! Илоҳим кўрманг! Лекин мен кўрганман! Бундай жойларда одамларнинг юзлари заҳил, чеҳралари очилмайдиган, кўзлари чақнамайдиган бўлади, болаларим! Уруш бор жойда, офат бор жойда ҳамма ранг бўлиши мумкин. Куйинди тимсолида қора ранг, бегуноҳ оққан қонлар тимсолида қизил ранг, қуриган ўт‑ўлан ва дарахтлар мисолида сариқ ранг... Табиатдаги яшил ранг эса фақат тинчлик бор жойда бўлади! Худога минг қатла шукр, биз шундай юртда яшаяпмиз. Буни топган қизалоғимни ўйинга қайтар, болам. У ютди!

Исроил бобо ўйинни янгитдан бошлаëтган болаларни дуо қилганча, яна йўлга ҳозирланди. Шу кўчадаги ўн‑ўн беш хонадон нарида жойлашган ўғлининг уйига етгунича «тинчликнинг ранги» масаласи хаёлидан кетмади...

Зарифа ЭРАЛИЕВА,
“Оқаётган дарё...” очеркидан парча.