Get Mystery Box with random crypto!

Ёшлар медиа марказида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати билан ҳ | "Орзу ва Ҳаёт"

Ёшлар медиа марказида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати билан ҳамкорликда Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси томонидан “Ёшлар билан янгича ишлаш тизими: режалар ва истиқболлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, вилоятда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими жорий этилган ва ушбу тизимдаги ишларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда штаблар фаолияти йўлга қўйилган. Штабга ёшлар сиёсатини амалга оширишга дахлдор бўлган 15 дан ортиқ ташкилот вакиллари бириктирилган.

Ҳар бир ёшнинг камчилик ва муаммоларини ўрганиш мақсадида секторлар кесимида уйма-уй юриш ва махсус саволнома анкеталарини тўлдириш асосида “Ёшлар дафтари” шакллантирилди ва унга бандлиги таъминланмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар рўйхати киритилди. Айни вақтда вилоят бўйича ушбу дафтарга 52829 нафар йигит-қиз киритилган бўлиб, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш тизими амалга оширилмоқда.

Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманларида ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ўқув курслари ташкил этилди ва 45 нафар битирувчига банкдан имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятларини бошлаши учун сертификатлар тақдим этилди.

—2021 йилда жами 126090 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Жумладан, 15265 нафар ёшни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, 8304 нафар ёшни 1+1, 1+4 лойиҳалари доирасида иш билан таъминлаш, 39272 нафар ёшни кичик саноат зоналарида банд қилиш, яна кўпларини ҳунармандлик ва тадбиркорлик, “устоз-шогирд” анъанаси орқали ўз йўлларини топишларига кўмаклашиш режалаштирилган, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов.

Матбуот анжуманида ўзига хос Наманган тажрибаси сифатида эътироф этилган кўплаб ташаббуслар, хусусан, кенг кўламдаги ёшлар фестиваллари, жадал барпо этилаётган “Ёшлар” кичик саноат зоналари, ҳудудларда йигит-қизларга деҳқончилик учун ажратиб берилаётган ер майдонлари, бир гуруҳ фаол талабалар ва техникум ўқувчилари учун контракт пуллари тўлаб берилгани ҳақида ҳам сўз борди.

Журналистлар ва блогерлар билан савол-жавоблар давомида ёшлар банк кредитларини олиш жараёнини соддалаштириш, тадбиркорликка ўқитиш курслари муддатини узайтириш, жорий йилда ёшлар учун қуриладиган имтиёзли уй-жойлар ва бошқа кўплаб мавзуларда жонли мулоқот бўлди.

Маълумот учун, бугунги кунда Наманганда жами 1,6 миллиондан ошиқ ёшлар истиқомат қилмоқда. Улар вилоят аҳолининг 57,2 фоизни ташкил этади.