Get Mystery Box with random crypto!

ОҚИБАТЛИ АКА УКАЛАР ҲАҚИДА РИВОЯТ Дўстлар келинг сизга бир, | Оналар Канали

ОҚИБАТЛИ АКА УКАЛАР ҲАҚИДА РИВОЯТ

Дўстлар келинг сизга бир,
Нурли оят сўзлайин,
Оқибат тўғрисида,
Бир ривоят сўзлайин.

Эшитгандим бобомдан,
Ҳали ҳамон ёдимда,
Оқибатли инилар,
Бўлган эди қадимда.

Кенг далада уйлари,
Атрофи яйдоқ эди,
Акада бешта фарзанд,
Укаси бўйдоқ эди.

Мерос қолган ерига,
Шерикчилик қиларди,
Буғдой,экиб,дон экиб,
Тирикчилик қиларди.

Меҳнат қилиб кун кўриб,
Кўнгиллари тўларди,
Ҳосилини келишиб,
Тенг иккига бўларди.

Бир йил ҳосил мўл бўлиб,
Хўп югуриб толишди,
Даладаги ҳосилни,
Йиғиб териб олишди.

Ука ярмини олди,
Қолганини акаси,
Бир куни ҳижолатли,
Ўйга толди укаси.

-- Акам рўзғори оғир,
-- Болалари ҳали ёш,
-- Рўзғорида етти жон,
-- Мен эса бир сўққабош.

-- Ҳосилни бўлингани,
-- Адолатли бўлмади,
Ука ўйлаб ўзидан,
Сира кўнгли тўлмади.

Қарашай деб укаси,
Акасин рўзғорига,
Яшириб бир қоп қўшди,
Аканинг омборига.

Кунлар ўтди шу зайл,
Оқшомлар ўтаверди,
Ука ҳар тун бир қопдан,
Акага қўшаверди.

Тушунмасди ҳеч ука,
Учиб фикр-у,парвойи,
Шунча қўшса ҳам сира,
Камаймасди буғдойи.

Бир кеча сир очилди,
Оқшом тиниқ, соф эди,
Акасини учратди,
Елкасида қоп эди.

Меҳр шундай улуғ куч,
Ташлар дилни тилкалаб,
Йиғлашди-ку жигарлар,
Бир қопдан дон елкалаб.

Акаси ҳам шу каби,
Ҳаёллар сурган экан,
Укасига яшринча,
Дон қўшиб юрган экан.

Мана сизга дўстларим,
Чин оқибат қиссаси,
Ўзингизга ҳавола,
Бу ривоят ҳиссаси.

Ҳозир замон бошқада,
Жигар жон ютушмайди,
Ҳар не етарли фақат,
Оқибат етишмайди.

Меҳрни кўп одамлар,
Унутиб қўйишмоқда,
Ер талашиб жигарлар,
Бир бирин сўйишмоқда.

Оқибатсиз,меҳрсиз,
Кимсалар ҳар одимда,
Яхшилари бўлганми,
Ёки фақат қадимда.

Оқибат яшаяпти,
Шундай ривоятларда,
Келинг биз ҳам қолайлик,
Эзгу ҳидоятларда.

Хуршид Карим

Барча, онасини яхши кўрадиганлар учун канал

@Onalar_kanali

https://telegram.me/joinchat/TvtkE6oET_SJ2DTx