Get Mystery Box with random crypto!

ТАКСИ ҲАЙДОВЧИСИ Соатига қараб “уҳ” чекди. “Бир мижоз чиқса ҳ | Оналар Канали

ТАКСИ ҲАЙДОВЧИСИ

Соатига қараб “уҳ” чекди. “Бир мижоз чиқса ҳам майли эди, уйга бўш қайтмасам эди” деб ўйлади. Эрталаб акасиникига бориши керак эди. Барвақт уйғониши учун барвақт уйга қайтишни истарди. Фақат ҳамма нарса инсон истаганидек бўлмайди бу ҳаётда. Изтироб билан акасидан ёзғирди ичида: “Эҳ, ака... Шу қимор деган балойи қазони ташламадинг-да. Қиморда ютқизиб, ҳамманинг оромини бузиб ўтирибсан энди”. Оғир “уф” тортди. “Пулни бугун топгин дегандинг, бўлмади. Эрталаб қарз-қавола қилиб пул топаман-да, сени қутқараман қиморвозларингдан. Аммо шу кетишда давом этсан мени ҳам, оилангни ҳам барбод қиласан!..” Шу ҳаёллар билан кўча кезаётиб, йўл четида қўл силкиган эркакни кўриб севинди. Тезгина унинг қаршисига бориб тўхтади. Эркак таксига ўтирди ва хавотир билан гапира бошлади:
— Илтимос, тезроқ юринг, шу орадаги кўчада...
Такси ҳайдовчиси бирор одамни олишни ўйлаганди, мижознинг гапини эшитиб юраги хижил тортди:
- Худо сақласин, жуда қўрқинчли ҳолат. Бир одамни тўрт жойидан пичоқлабдилар. Ҳозир танасидаги қон буткул оқиб кетиб, ўлиб қолиши мумкин. Биров ёрдам бермайди, ҳамма тўпланиб олиб томоша қилаяпти. Қанчалик ҳиссиз, шафқатсиз оломонга айландик! Ёрдамга муҳтож, жони узилаётган одамни томоша қилиб туришибди. Ҳайдовчининг юраги сиқилди: “Машинамга қон оқади”. Йўловчи давом этарди:
— Ҳозир иккита машина ярадорни олмади, ишонгим келмайди-я. Бир инсон қони тугаб, жон бераяпти, улар раҳм қилмай олдимиздан газни босиб ўтиб кетди. Мана, келдик, ярадор шу одамлар тўпланган жойда. Такси ҳайдовчиси:
— Қани, сиз ярадорни олиб келинг, мен машинани унинг олдига олиб бораман, вақт йўқотмайлик, - деди. Йўловчи машинадан тушди ва тўпланганлар орасига кириб “йўл беринг, такси келди” деб бақирди. Аммо ярадорнинг ёнига бориб улгурмасдан, машинанинг узоқлашган овозини эшитиб ортига ўгирилди. Рақами кўринмасин деб орқа чироқларини ёқмай таксининг тезлик билан узоқлашаётганини кўрди. Эркакнинг юраги узилиб, йиғламсираган овозда “Ё Раббим! Нима бўлди бизларга?” дея ерга умидсиз чўккалади. Такси ҳайдовчиси пешойнадан орқага сўнги бор қаради. Бақир-чақирлардан жаҳли чиқди: “Менга нима? Қонга беланиб ётган ярадорни ол, машинани булға... Бошқа такси йўқми? Топилиб қолар мендан бошқаси!” Шу сўзлар билан гўё виждонини овутиб, чўнтагидан хорижий сигарет чиқариб ёқди. Сўнг ўзига ўзи мазах қилгандай гапирди: “Бу ерда нима ишинг бор эди? Қотиллардан илтимос қилмабсан-да, сени касалхона яқинида пичоқласинлар эди...”
Қўлидаги сигаретга кўз тикди: “Биз ҳақиқатдан ҳам орқада қолганмиз-да. Одамлар қандай ўлкаларда мазза қилиб яшаб юришибди. Бизнинг ҳаётимизни кўриб кулгуси қистаса керак... Тағин ҳам мен яхши пул топаман-ку, агар деҳқон бўлганимда борми, беш кило помидорнинг пулига зўрға бир қути сигарет берадия...”
Шу пайт қўл силкиб тўхташ ишорасини берган мижозни кўриб, хаёлларини йиғиштирди. “Мижоз дегани шунақа, кутилмаганда йўлингдан чиқиб қолади” дея бояги тумонат одамни ҳам, пичоқланиб ўлим ёқасида ётган ярадорни ҳам унутди.
Такси ҳайдовчиси ўша кеча бир муддат ишлаб, уйининг йўлини тутди. Яхшигина пул топиб хотиржам уйига кириб келаётганида, эшик олдида ўзини кутиб турганларга кўзи тушди. Хавотирланди. Машинасини гаражга қўйиб, сўнгра вазиятни билмоқчи эди бир қўшниси тўхтатди уни:
— Машинани жойлаштирмай тур, балки керак бўлиб қолар...
Ҳайрон бўлиб машинадан тушди. Эшик олдида йиғлаётган хотини ва болаларига яиқнлашди:
— Нима бўлди? – Хотини йиғлаганча бўйнига осилди:
— Акангиз вафот этди!
— Акам?!.. Нега?
— Пичоқлаб кетишибди. Кўп қон йўқотиб, ҳалок бўлибди.
Такси ҳайдовчиси ваҳима билан овозини баландлатди:
— Қаерда? Қачон?
– Хотинининг жавобини эшитиб ерга чўккалаб қолди. Кўз олдидан машина фараларини ўчириб қочган кўчаси ва тўпланиб турган тумонат томошабин ўтди. Тумонат ичида қонга беланиб ётган, ўзига музтар тикилиб турган бир юз кўринди гўё. Мадорсиз йиқилдию ҳушидан кетди...

БИР-БИРИМИЗГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА ОШИҚАЙЛИК, ДЎСТЛАР.

Барча, онасини яхши кўрадиганлар учун канал

@Onalar_kanali

https://telegram.me/joinchat/AAAAAE77ZBOqBE_0idg08Q