Get Mystery Box with random crypto!

ЖИГАРЛАРИМ Гоҳо кўнглингиздан хабар олмасам, Бемор ҳолингизни | Оналар Канали

ЖИГАРЛАРИМ

Гоҳо кўнглингиздан хабар олмасам,
Бемор ҳолингизни билмайин қолсам,
Сизни йўқлолмасам, ўздан ортмасам
Кечирингиз мени жон ЖИГАРЛАРИМ.

Танамга қон берган жондек томирим,
Сиз менинг фахримсиз, ғурурим, орим.
Меҳрибон Онамдан азиз ёдгорим,
Кечирингиз мени жон ЖИГАРЛАРИМ.

Тугунга узилган иссиқ нон солиб,
Ёнғоқми, майизми, асал, қанд олиб,
Кўргани бормасам йўл юриб, ҳориб
Кечирингиз мени жон ЖИГАРЛАРИМ.

Тинмай айланади фалак гардиши,
Тугамас ҳали у, ҳали бу иши,
Елкамни оғритди ҳаёт ташвиши
Кечирингиз мени жон ЖИГАРЛАРИМ.

Жилмайиб тураман сездирмай ғамим,
Онамиз дуоси етишмас-камим...
Доимо соғ бўлсин бузрук ПАДАРИМ,
Кечирингиз мени жон ЖИГАРЛАРИМ.

Баҳорим, ёзим-у, куз ва қишимга,
Сабр-ла тишимни қўйиб тишимга,
Ўрлашиб қолдимку ўз ташвишимга
Кечирингиз мени жон ЖИГАРЛАРИМ.

Тайлоқова Ирода

Барча, онасини яхши кўрадиганлар учун канал

@Onalar_kanali

https://telegram.me/+TvtkEzLNY9xZb6Jw