Get Mystery Box with random crypto!

КУЛМАГИН ДУНЁ Оқшомлари шеърлар айтсам ўзимга ўзим, Киприкла | Оналар Канали

КУЛМАГИН ДУНЁ

Оқшомлари шеърлар айтсам ўзимга ўзим,
Киприкларим тутолмаса, ёшланса кўзим.
Бошдан оёқ олов қўйса минг йиллик бўзим,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Ҳилоли йўқ осмонларга боқиб чарчадим,
Ҳаётимни ёлғонларда ёқиб чарчадим.
Армонларнинг дарёсида оқиб чарчадим,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Билганим шу  деворнинг ҳам қулоқлари бор,
Тўкилмасанг, сабр тошин қийноқлари бор.
Юрагимнинг бўлак-бўлак қуроқлари бор,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Бир тунгина сирдошим бўл, эшит мени жим,
Шивирларим етиб борсин дилингга сим-сим.
Ҳасратимни сендан ўзга сезмасин ҳеч ким,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Яшамасдан кунлар ўтар, вақтни ўлдириб,
Надоматнинг пичоғида қалбим  сўйдириб.
Сирларимни ошкор этма мени куйдириб,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Еру кўкка ишонмасдим ёри жонимни,
Кеч англадим ўшал экан хори жонимни.
Яратганга аён фақат зори жонимни,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Унитмоққа ўргатмади узоқ йўллар ҳам,
Сочларимдан баҳорларни олган йиллар ҳам.
Асли тупроқ бўлса ҳамки тош экан одам,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

Кулганлардан бошим эгиб, юзим бурганман,
Экканимни ўзим ўриб ўзим терганман.
Энди фақат юрагимни Хаққа берганман,
Бир мусофир меҳмонингдан кулмагин дунё.

НИЛУФАР ТОҲИР

Барча, онасини яхши кўрадиганлар учун канал

@Onalar_kanali

https://telegram.me/joinchat/TvtkE6oET_SJ2DTx