Get Mystery Box with random crypto!

​​Тафаккур вақти: Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар | OLTIARIQ yangiliklari | rasmiy kanali

​​Тафаккур вақти:

Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгиида тил найзасининг жароҳати битмас; у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас.
Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз — ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар — оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.

Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз. Кўп, бемаза сўзлайдиган эзма — кечалари тонг отгунча тинмай ҳурадиган итга ўхшайди. Тили ёмон одам — халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади. Нодоннинг ваҳшийларча бақирмоғи — эшакнинг бемаҳал ҳанграмоғи. Хушсухан одам юмшоқлик билан дўстона сўз айтади; кўнгилга тушиши мумкин бўлган юз ғам — унинг сўзи билан даф бўлади. Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор, шунинг учун ҳам айтадиларки; «нафаснинг жони бор…»

Ўзи хунук, гапи бемаъни, овози ёқимсиз одам қурбақага ўхшайди. Бахт бағишловчи тоза руҳ манбайи ҳам тил; ёмонликлар келтирувчи наҳс юлдузининг чиқар жойи ҳам тил. Тилини тиёлган одам — донишманд оқил; сўзга эрк берган одам — беандиша ва пасткаш. Тил ширин ва ёқимли бўлса яхши; тил билан дил бир бўлса яна яхши. Тил билан дил — инсондаги энг яхши аъзолардир. Бўстонда — гулсафсар, гулғунча ва райҳонлар энг ёқимли гуллардир.

Одам — тили билан бошқа ҳайвонлардан имтиёзлидир. Унинг тили орқали бошқа одамлардан афзаллиги билинади. Тил — шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса — тилнинг офатидир.

Алишер навоий

@OLTIARIQLIKLAR каналига
обуна бўлинг
https://t.me/+fNC0uF5gIAU0Y2Iy
https://t.me/+fNC0uF5gIAU0Y2Iy