Get Mystery Box with random crypto!

#Огоҳ_бўлинг Қўзиқорин мазали, аммо... Диёримизга саноқли ку | Oлмалиқ ҳаёти | Аллоҳнинг паноҳида бўлинг!

#Огоҳ_бўлинг

Қўзиқорин мазали, аммо...

Диёримизга саноқли кунлардан сўнг баҳор кириб келади. Баҳор мавсумида ёғингарчилик ва офтобли кунлар таъсирида тоғ, тоғ олди қир-адирлари, яйловлар, дала ҳовлилар, хиёбонлар, ариқ ва сой бўйларида, катта йўл ёқаларида, шунингдек, ҳатто ҳовлиларимизда ҳар хил қўзиқоринларни кўплаб учратишимиз мумкин. Бу эса, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиганлар учун қулай фурсат ҳисобланади.

Шу билан боғлиқ ҳолатда кўча-кўйлар ва катта автомагистрал йўллар ёқаларида баъзи шахслар томонидан хавфсизлиги кафолатланмаган, истеъмол қилиниши мумкин бўлмаган ва истеъмолга яроқсиз ҳисобланган заҳарли кўзиқоринларни сотиб ўтирганликларига кўзимиз тушади ва энг ажабланарлиси, ушбу қўзиқоринларни харид қилишаётган ва саломатлигини хавф остига қўяётган аҳолилар ҳам кам эмас.

Тиббиётдаги кўп йиллик кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда, автомагистрал йўл ёқаларидан, фойдаланилмаётган аэропортлар, ёқилғи-мой сақлаш муассасалари ҳудудларидан, заҳарли кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналар атрофларидан териб истеъмол қилинган қўзиқоринлар билан боғлиқ заҳарланишлар, ҳатто, ўлим ҳолатлари айнан баҳор мавсумида тез-тез учраб туради. Чунки, бу каби ҳудудларда мавжуд бўлган заҳарли моддалар, транспорт воситаларидан ажраладиган ис гази ва бошқа кимёвий бирикмаларни ёввойи қўзиқоринлар ўзига шимиб олади ва бир қарашда хавфсиз бўлиб кўринган қўзиқорин ҳам заҳарли қўзиқоринга айланиб қолиши мумкин.

Қўзиқориннинг ёввойи турларини билмасдан, бир-биридан ажрата олмасдан, улардан консерва, тузлама ва ҳар хил таомлар тайёрлаб, истеъмол қилиш ўта хавфли эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Қўзиқориндан заҳарланиш айниқса қариялар ва болаларда ўткир бошланиб, жиддий ва оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Заҳарланиш белгилари 3-5 соатдан 20-24 соатгача яширин даврга эга бўлиб, касаллик белгилари 1-2 соат ўтгач намоён бўла бошлайди. Бунда беморда дастлаб, асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, хусусан кўп терлаш, сўлак ва кўздан ёш оқиши каби белгилар пайдо бўлади. Томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, беморларда алаҳсираш (галлюцинация), титраш шунингдек, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши кузатилади.

Бундай ҳолатларда беморларга ўз вақтида кўрсатилган тез тиббий катта самара бериши мумкин ва бемор одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Заҳарланиш ҳолатлари кузатилиб, ўз вақтида даволаш муолажалари амалга оширилмаса беморнинг аҳволи оғирлашиши, ҳатто фожиали якун топиши ҳам мумкин. Бу каби ҳолатлар кузатилмаслиги учун эса уни териб истеъмол қилувчи шахс авваламбор заҳарли ва заҳарсиз қўзиқоринларни ажрата олиши керак. Минг афсуски, ҳозирги пайтда бир қарашда уларни фарқлаб бўлмайди, боз устига агар у белгиланмаган жойларда сотилаётган бўлса, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган бўлса, ҳушёр бўлишимиз керак. Биз уни харид қилиб уйга олиб келиш орқали нафақат ўзимизнинг, балки фарзандларимиз ва яқинларимизнинг ҳаётини хавф остига қўйишимиз мумкин.

Савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилинганда албатта, бундай пайтда гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари мавжудлигига эътибор қаратинг ҳамда сотувчилардан ветеринария-санитария лабораториялари хулосаларини тақдим этишларини талаб қилинг.

Феруза Фозилматова,
шаҳар бош эпидемиологи.