Get Mystery Box with random crypto!

Мактабда таҳсил берган устозларимиз ҳақида муносиб сўз айтмоқ, | Fan olimpiadalari

Мактабда таҳсил берган устозларимиз ҳақида муносиб сўз айтмоқ, уларнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва келажак мақсадларимизга етишишдаги иштироки хусусида фикр билдириш ҳар биримиздан катта масъулият, теран мушоҳада талаб этиши, табиий. Шу маънода ўқитувчилик касбининг машаққати ва шарафли йўли ҳақида ҳар ким турлича мулоҳаза юритади, маълум хулосаларни билдириб боради.

Менинг болалик хотираларим бевосита ўқитувчилар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ, десам хато қилмайман. Бувим мактаб директори, онам ўқитувчи сифатида фаолият олиб бориш асносида менда бу шарафли касб эгаларига бўлган ҳурмат ва ишончим ортиб борган. Шу сабабли ўқитувчилик касби машаққатларини яхши тушунаман, мактабларда ўтказиладиган кўплаб учрашувларда уларни ҳаётимиз меъморларига ўхшатишимни бот-бот такрорлаб тураман.

Мактаб партасида ҳарф ўрганиш жараёнида менга меҳр билан боқиб турган биринчи ўқитувчимнинг илиқ нигоҳларини эсласам ёки юртимиз ўтмиши ва буюк боболаримизнинг шонли ҳаёт йўли ҳақида катта тасаввур уйғота олган “Тарих” фанидан дарс берган устозимнинг тўлқинланиб айтган ҳикояларини ёдга олсам, ҳали-ҳануз юрагимда ўзгача қувонч уйғонади. Ёки “Математика” ва “Кимё” фанларига катта қизиқиш уйғота олган устозларимнинг берган сабоқлари ҳозирга қадар менга катта фойда бериб келмоқда. Уларнинг нафақат берган билимлари, балки ўлмас ҳаётий ўгитлари, катта мақсадлар сари руҳлантирган сўзлари, панд-насиҳатлари доимо қалбимда яшайди.

Мактаб таълими, назаримда, кейинги таълим турларининг мағзи ва асоси ҳисобланиши билан бирга, боланинг шахсий характери ва хулқининг шаклланиб, ҳаёт ҳақидаги хулосаларининг сайқалланиб боришида муҳим рол ўйнайди. Зеро, илм-маърифат ўчоғи ҳисобланадиган мактаб остонасидан ўтган ўқувчи борки, бу ерда нафақат билимга ошно тутинади, балки ота-онаси, маҳалла-кўй, теварак-атрофдан олаётган тарбияси, ҳаётий хулосаларини устозлари ёрдамида янада бойитади, турли саволларига ўринли жавоблар топишга уринади.

Масаланинг туб моҳияти шундаки, ўқувчи ҳаётининг мана шу каби мураккаб даврида у билан дўст тутина олган, уларга ўз фарзандидек қалбини бера олган ўқитувчи болаларнинг қалбида ҳам чуқур ўрин эгаллайди. Ўқитувчи ўқувчиларга меҳрибон устоз, қадрли инсон бўлиш билан бирга, уларнинг келажак йўлини ёритувчи йўлчи маёқ бўлади, юртга фидойи шахсларнинг шаклланиб боришида муносиб пойдевор яратади.

Таъкидлаб ўтилганидек, ўқитувчилик барча касблар ичида энг улуғ ва шарафли касб бўлиши билан бирга, катта масъулият ва машаққат талаб этадиган мураккаб соҳалардан биридир. Шу сабабли бу оламга қадам қўйган ҳамда ўз ҳаётини шу соҳа ривожи ва ўқувчиларининг эртанги бахт-саодати ва камолотига бағишлаган инсон борки, у катта ва савобли йўлга чиққанлигини тўла англаши лозим. Зеро, жамиятнинг гултожи, деб саналадиган устоз мақомига эришиш, ўқувчилари қалбида умрбод из қолдириши учун ҳар бир устоздан юксак билим ва катта фидойилик талаб этилади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг куни кеча “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, юртимиздаги барча ота-оналар ўзларининг энг катта бойлиги бўлган фарзандларини устозлар қўлига ишониб топширади.
Сабаби ҳар бир ўқитувчи ўзи таълим бераётган ўқувчиларга отадек ғамхўр, онадек меҳрибон бўлиб, синфидаги болаларга қалб қўрини беради. Ўқувчилари ютуғидан ота-оналаридан ортиқ суюнади, муаммоларини ҳал этишда яқинлари каби куюнчаклик қилади.

Шу маънода, Халқ таълими тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ўқитувчи ва мураббийнинг заҳматли меҳнати ва фидойилиги мен учун қадрли.

Азиз ўқитувчилар!

Миллат фарзандларини билимли ва баркамол авлод қилиб вояга етказишдаги бу шарафли йўлда мен сизлар билан ҳамқадам эканлигимдан фахрланаман.

Ўз касбингизга фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиб келаётганингиз, болажон ва ватанпарварлигингиз, меҳру муҳаббатингиз олдида биз доимо таъзимдамиз, азиз ўқитувчилар!