Get Mystery Box with random crypto!

ЁЗМАСАМ... (Шеър талабгорига) | OLIM AKA

ЁЗМАСАМ...
(Шеър талабгорига)
Мирзо КАРИМ

Умр ўтмоқда мана,
Дийдор бўлармикана?
Сим қоқма, ҳеч йўқ ҳабар,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Бўғзимдадир бўзгинам,
Бор бўл, қарокўзгинам,
Ўз кўнглимни ўзгинам,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Қирқ телбани созлайсан,
Сен ақлдан озмайсан,
Ёз келдия, ёзмайсан,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Соғинч деган ёмонда,
Қолдир мени омонда,
Нима гап Андижонда,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Қизиғи йўқ, ер ютсин,
Ёқамни ажал қучсин,
Осмон узилиб тушсин,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Бошим деворга тираб,
Мен юрибман тентираб,
Учқурми оқ Жентра,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Тўрт минг муҳлис, қарада,
Сен десам, дил порада,
Нимадир бор орада,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Олисдасан, ҳотиржам,
Ишқда мендек ботир кам,
Кел деб, кўнгил учун ҳам,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Айт, кимни дилбарисан,
Ё, баридан нарисан,
Менга илҳомпарисан,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Бўларми деб, хушхабар,
Ҳар тун кўрдим, тушхабар,
Малол келмаса, агар,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Яна ёздим, гиналаб,
Юрагимни игналаб,
"Йўқолинг" деб, эркалаб,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Ёнаман, бағрим кабоб,
Ёздимми, бир сўз нобоп,
Бир йилда ҳам бир жавоб,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Хаёл тўзғир тутундай,
Ишқ оғу бир ютумдай,
Маҳшаргача бутунлай,
Ёзмасам, ёзмайсана?!

Мирзо ўзин, ўзи ер,
Шўрманглайдан тўкиб тер,
Мақтаб - мақтаб сенга шеър,
Ёзмасам, ёзмайсана?!