Get Mystery Box with random crypto!

Ўйласам, даҳшатга тушаман: Самарқандда дори воситасидан заҳарл | Шифокорлик касби билан

Ўйласам, даҳшатга тушаман: Самарқандда дори воситасидан заҳарланиб 15 та ёш бола вафот этган.

Андижонда эса 3 та ёш бола хонадонда содир бўлган ёнғинда куйиб ўлган. Ис газидан оилавий ўлим топишлар ҳар ҳафтада бўляпти.

Бу ҳодисалар ижтимоий тармоқларда жиддий акс-садо бермади, деярли ҳеч кимга пашша чаққанчалик тасир қилмади. Қўйларга хос фикрласак керак: бўри менга тегмайди.

Яна ўйлаймиз: фожеа узоқда содир бўлди, менинг ёнимда эмас.

Бу - калта ўй. Шошмасангиз, бўри сизга етиб келади. Шошмасангиз, бошингизга тўсинлари ёнаётган том қулайди.

Нега дорисотар монополларни, беморга қасддан кераксиз дори тайин қиладиган нопок дўхтирларни "тит-питини" чиқариб танқид қилмадик?

Ёки ўзимиз ҳам ўша нопоклар қаторидамизми? Нега жамоатчилик ўз тақдирини яратувчисига айланолмаяпти? Жамиятга муқобил фикр, ғоя бериши керак бўлган сиёсий партиялардан умид йўқ.

Сессияларда уҳлаб вақт ўтказадиган депутатлардан совуқ сувчалик фойда кўрмаяпмиз. Шоирман деганлари отарчилар билан тўйма-тўй санқийди. Ёзувчиларни фақат фойдасиз тадбирларда кўриб қоласан.

Бизда жамоатчилик фикри жуда кучсиз. Ҳудди ўз уйимизда меҳмонда яшаётгандекмиз. Нега фикран ва руҳан фаол эмасмиз? Жамиятимизнинг ўзгариши, янгиланиши, ҳаётимизга соя солаётган иллатларнинг йўқолиши айнан фикримиздаги фаоллик билан боғлиқ-ку!

Чумчуқ "пир" этса, юрагимиз "шир" этади. Қутонга қамалган қўйлар, бўйнидан боғланган бузоқлар эмасмиз-ку. Оддий руҳан ва фикран фаоллик сўраляпти сизлардан, дунёни ағдар-тўнтар қилинглар дейилмаяпти.

Ҳозир давр бошқа. Фикран фаол кимсанинг бошига дарровдан қилич кўтариб келинмайди. Жамиятимиздаги иллатларни танқид қилиш сиёсатга қарши чиқиш ҳам эмас.

"Кўнгил, сен бунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг..."

Раҳимжон Раҳмат

@muxbirdaliev