Get Mystery Box with random crypto!

РИЁНИНГ ҲУКМИ “Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми?” деган сав | NurMuhammadbuva2022

РИЁНИНГ ҲУКМИ

“Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми?” деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор.
1. Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, хажи ила риёкорлик қиладиган банда осийдир. Чунки у ўз риёси ила Аллоҳдан ўзгани қасд қилади. Ҳолбуки ибодатга сазовор ягона зот Аллоҳ таолонинг ўзидир.
2. Риё ибодатдан бошқа нарсада, масалан, мол талаби каби нарсада бўлса ҳаром бўлмайди. Чунки бу иш одамлар қалбидан жой олмоқни исташдан иборатдир. Мол касб қилишда бази бир ман қилинган сабаблар аралашгани каби обрў талабида ҳам шу нарса бўлади. Инсон ўзи муҳтож бўлган молни талаб қилиши мақтовга сазовор бўлгандек обрў талабида ҳам шундай бўлади.
Юсуф алайҳиссалом ҳам подшоҳ хузуридаги амални ўзлари талаб қилганлар. Обрў кўп бўлса ҳам уни ҳаром дея олмаймиз. Бунда обрў ўз эгасини ножоиз нарсага бошламаслиги шарт қилинади.
Аммо талабига ҳирс қўйилмаган ва завол бўлганида ғам-ғуссага ботилмайдиган обрў қанча баланд бўлса ҳам зарар қилмайди.
Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотдан кейинги уламоларнинг обрўларидан кенгроқ обрўнинг ўзи йўқ. Аммо бор ҳимматни обрў кетидан қувишга сарифлаш динда нуқсондир.
3. Яхши кийиниш ҳам одамлар ҳузурида гўзал кўриниш учун бўлади. Шунингдек, чиройли кўриниш учун қилинадиган бошқа харакатларнинг барчаси ҳам ман қилинган дея олмаймиз. Бунда мақсадлар турлича бўлади.
Кимдир ўзига паст назар билан қаралишини истамайди. Кимдир ўзига берилган неъматни изҳор қилиш ниятида бўлади.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар”.
“Эй Аллоҳнинг Расули, киши кийими гўзал бўлишини, поябзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?” деди бир одам.
“Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир”, дедилар”. Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

"Руҳий тарбия" китобидан.