Get Mystery Box with random crypto!

Одоб моҳияти нима? У инсон нафсига яширилган комиллик сифатлар | NurMuhammadbuva2022

Одоб моҳияти нима? У инсон нафсига яширилган комиллик сифатларини ташқарига чиқариб, амалга айлантиришдир. Зеро, ҳар бир инсон фитрати гўзал хулқларга мойил қилиб яратилган бўлади. Аммо, банда улғаяр экан кўпинча мазкур фитратга содиқ қола олмайди. Кимдир фитратига мос ҳаёт кечиради. Кимдир эса уни ўтмаслаштириб, чангу ғуборларга нишон қилиб қўяди, устини моғор бостиради. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ҳар бир нафсга яхшилик ва ёмонликни кўрсатиб, илҳом қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

"وَنَفْسٍ وَمَا سَوَّاهَا * فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا * قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا * وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا" яъни "ҳар бир нафс ва унинг хилқатини камолга етказган (зот)га қасам. У зот унга фужур-ёмонлик ва тақво-яхшилик йўлларини илҳом қилиб, кўрсатиб қўйди. Шундай экан, аниқки, уни (ўз нафсини) поклаган зафар қозонди. Уни ёмонликлар билан пастга урган кимса эса хусронга юз тутди" (Шамс сураси: 7-10-оятлар).

Демак, гўзал хулқлар аслида бизнинг нафсимиз, фитратимизда бор. Етарки, нафсимизни эгаллаб олган иллатлардан поклаб, унда яширин ҳолда ётган мазкур одоб ва фазилатни ташқарига чиқариб, уларни амалга айлантириш қолди.

Ким нафсини поклаб, уни гўзал хулқлар билан зийнатласа, нажот топади. Кимки, уни разолат, қабоҳат ва паст нарсалар билан машғул қилса, демак, ундай кимса нафсини юксалтириш ўрнига олчоқлик ва пасткашликлар билан ерга урган, қадрини туширган бўлади ва охир-оқибатда хусрон ва умидсизликка юз тутади.