Get Mystery Box with random crypto!

МАНТИҚСИЗЛИК ЁХУД ШАЙТОННИНГ ҲИЙЛАСИ ‒ Мен ҳам олдин рўмол ўр | Нурли йўл | Расмий канал 🌙

МАНТИҚСИЗЛИК ЁХУД ШАЙТОННИНГ ҲИЙЛАСИ

‒ Мен ҳам олдин рўмол ўрардим, бир‑иккита рўмол ўраганларнинг қилган ишларини кўриб, ўрамай қўйдим.
‒ Жуда ориятли экансизда‑а?
‒ Ҳа, мен бунақа ишларни ҳеч қабул қила олмайман‑да, шундай қоним қайнаб кетади..
‒ Ғайратингизга қойил! Лекин бир ҳақли савол туғилади, оғир ботмаса..
‒ Хўш?
‒ Рўмол ўраб ножўя иш қилган бир‑иккитасини кўриб, уларга ўчакишиб рўмолни ёмон кўриб қолибсиз, ҳатто ечиб юборибсиз, тўғрими?
‒ Ҳа, шундай.
‒ Бироқ, бир‑иккита эмас, юзлаб, минглаб рўмолсиз, очиқ‑сочиқ аёллар нималар қилиб юришмайди, сиз назарда тутган нотўғри ишлардан миллионтасини қилишади, нега уларга ўчакишиб рўмол ўраб юбормаяпсиз? Қанчадан‑қанча фоҳишалар ҳаммаси сиздек очиқ‑сочиқ кийинишади, уларга ўхшамаслик учун ҳам бўлса жўртага рўмол ўраш керак эмасмкин сизнинг мантиғингизга кўра?
‒ Ҳа, энди...
Инсон ана шундай, ўзини роса ақлли деб билгани ҳолда оддий ҳақиқатларни қабул қила олмайди, агар қалбида касал бўлса. Чунки инсон 30% қарорни ақли билан, 70% қарорни қалби билан қабул қилади.
Аслида, рўмол ўраш алоҳида амал, алоҳида ибодат. Уни бажарган одам бирорта айб иш қилса, бу билан рўмол ўраш ёмон иш бўлиб қолмайди, ахир. Қўпол қилиб айтгада, у бир тарафда айб иш қилган бўлса‑да, иккинчи тарафда бир яхшилик ҳам қилибди, Аллоҳ таолонинг бир буйруғини бажарибди. Бироқ, бу билан рўмол ўраб туриб ёмон иш қилса бўлаверади, демоқчи эмасмиз, чунки сатри авратдек улуғ амални бажарган аёл ушбу мақомга яраша бўлиши ҳам керак. Лекин беш бармоқ баробар эмас, баъзан кимдир айбини ёпиш учун ҳам рўмол ўраши ёки рўмол ўраб туриб инсонгарчиликдан хато қилиб қўйиши мумкин. Бу билан ибо‑ҳаёни ёмон отлиқ қилиш шайтоннинг ҳийласи, холос. Шайтон инсонларни бевосита нафс қутқуси билан адаштира олмаса, мана шундай ҳийла‑найрангларни топади, бунга ҳушёр бўлиш керак.
Энди намоз бошлай десангиз, «Қўй, ана фалончи, намоз ўқигани билан қилган ишини қара, сен ундан яхшисан‑ку... Сен оз‑моз ичганинг билан бировга азият бермайсан‑ку, нимаси ёмон?» деб васваса қилади. Ёки «Намоз бошласанг, бу‑бу ишларни қилмаслигинг керак, вақти соати келиб бир бошлайсан, ана ўшанда кўради ҳаммаси», деб алдайди. Шунинг учун мусулмон одам хаёлпараст бўлмай, дини кўрстаган ишни қилишга ўрганиши керак.

Ҳасанхон Яхё Абдулмажид

Улашинг: @nurli_yol