Get Mystery Box with random crypto!

Ёшлар форумидаги таклифлардан мен ўзим учун Топ-3 таклифларни | Alimoff

Ёшлар форумидаги таклифлардан мен ўзим учун Топ-3 таклифларни ажратиб олдим. Мана шу таклифларни тўлиқ қўллаб қувватлайман. Яна қўллаб қувватлайдиганларим кўп, аммо менга ёққан энг топларини улашяпман:

Масофавий таълим аккаунтидан таклиф: Ўқишга киришдаги имтиёзларни йўқотиш ҳақида

Маълумки, олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига кириш учун 31 хил турдаги имтиёзлар бор. Булар орасида умуман имтиҳонсиз, бунинг устига тўлиқ давлат гранти асосида ўқишга киришни таъминловчи имтиёзлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, йилдан йилга имтиёзлар яна-да ошиб бормоқда. Бунга чек қўйиш ва ўқишга киришдаги бугунгача бўлган барча имтиёз турларини қайта кўриб чиқиш керак! Имтиёз бор жойда коррупцияга ҳам, таниш-билишчиликка ҳам йўл очилади. Энг асосийси, адолат ва тенг ҳуқуқлилик йўқолади. Ўқишга киришми? Ҳамма тенг ҳуқуқлими? Марҳамат, тайёрлансин, ўқисин, ана кейин имтиҳон топшириб ўқишга кирсин. Имтиёзлар — келажакнинг ва ёшларнинг энг катта фожиаси. Бу имтиёз аталмиш балоларни таълим сифатига таъсирини ҳам алоҳида ҳисоб-китоб қилиб чиқиш керак. Фойдасидан зарари кўп. 31 таям имтиёз бўладими-а? Имтиёзга йўл очилди, дегани таълим сифатига ханжар уриб, коррупция ва таниш-билишчиликка йўл очилди, демакдир.

Азизбек Дабыловдан таклиф: Қорақалпоқ тилида болалар учун махсус телеканал ташкил этиш

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон телевидениясида „Ўзбекистон“ телевидениясидаги „Болажон“, „Ақлвой“ каби болалар учун телеканалларнинг бўлмагани туфайли, болаларимиз тилида катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шуни ҳисобга олиб, Қорақалпоғистон телевидениясида Қорақалпоқ тилида болалар учун махсус телеканал ташкил этиш зарур.

Аббосбек Тожибоевдан таклиф: Таълим муассаларида мажбурий форма талабларини енгиллаштиришни ҳуқуқий асосларини яратиш

Сўнгги 5 йилда бир қатор енгилликлар берилган бўлса ҳам, мажбурий форма талабини имкон қадар енгиллаштириш давр талаби бўлиб қолмоқда. Мени таклифим шундан иборатки таълим муассасаларида мажбурий форма масаласини қайта кўриб чиқиш, енгиллаштириш ҳамда ихтиёрий форма тўғрисида аниқ ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқиш керак. Таълимга тўсиқ бўлаётган давомат, форма, қоғозбозлик каби жараёнларни бекор қилиб, замонавий таълим стандартлари асосида миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва бунинг ҳуқуқий асосларини аниқ-конкрет белгилаб бериш керак.

Комментларда сиз ҳам ушбу таклифлар бўйича ўз фикрингизни билдиришингиз мумкин, ундан ташқари бошқа таклифларни ҳам ташланг, сизга ёққан, ўзингиз ёзган таклифлар билан ҳам улашишингиз мумкин.

@nurbekalimov