Get Mystery Box with random crypto!

#Малоҳаза Инсон нимагаки эришолмаса, ўша нарса азиз туюлади. | НУРАФШОН ЗИЁСИ

#Малоҳаза

Инсон нимагаки эришолмаса, ўша нарса азиз туюлади. Ўтмишни қайтариб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўтган кунларингиз бебаҳо бўлиб туюлаверади сизга. Бир вақтлар тишингизни қорайтириб еган жўхори кабобингиз дунёда энг лаззатли таом бўлиб туюлади. Бир вақтлар сиз чўмильган анҳор хотирангизда энг катта дарё бўлиб қолади, бир вақтлар дўппингизда олиб ичган сувингизнинг мазаси бир умр оғзингизда қолади. Ўша дамларда қуёш ҳам ўзгачароқ нур сочгандек, осмон ҳам тиниқроқ бўлгандек туюлаверади. Замонлар ўтгандан кейин ўша ўзингиз чўмильган анҳорга яна бир бор кўзингиз тушса, унинг кичрайиб қолганини кўриб ҳайрон бўласиз. Дўппингизда яна сув олиб ичсангиз, негадир елим ҳиди келаётганини пайқайсиз. Осмон ҳам унчалик тиниқ эмасга ўхшайди. Олам торайиб қолганидан ғашингиз келади. Фақат битта нарсани - болалик туйғуларингизни йўқотиб қўйганингиз туфайли шундай бўлаётганини хаёлингизга ҳам келтирмайсиз.

Ўткир Ҳошимов  «Нур борки, соя бор» романидан.

@nurafshanziyo