Get Mystery Box with random crypto!

ҚУРЪОНГА ХИЗМАТ ЭНГ УЛУҒ ХИЗМАТ عن عثمان -رضي الله تعالى عنه- | Нозимжон Ҳошимжон

ҚУРЪОНГА ХИЗМАТ ЭНГ УЛУҒ ХИЗМАТ

عن عثمان -رضي الله تعالى عنه- قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ( خيركم من تعلم القرآن وعلمه ) أخرجه البخاري

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир” Имом Бухорий ривоятлари.

Бу уммат инсонлар учун чиқарилган энг яхши умматдир. Ана шу яхши умматнинг ичидаги энг яхшилар Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганлардир.

Ушбу расм саййидимиз, улуғ олим, шайх, муқриъ, Абул Ҳасан Курдий лақаби билан танилган Муҳйиддин Курдийнинг вафотларидан бироз ўтиб олинган.

Шайх Муҳйиддин раҳимаҳуллоҳ ўн қироат бўйича олим бўлиб, Дамашқнинг катта қориларидан эдилар.

25 ёшларидан Қуръони Каримдан таълим беришни бошлаб, 72 йил давомида инсонларга Қуръони Каримни ўргатдилар. У кишининг қўлларида кўплаб қорилар етишиб чиққан бўлиб, бугунги кунда ўша қорилар мусулмонлар учун қироатлар илмида йирик устозлар ҳисобланишади. Уларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Шайх, муқриъ Айман Рушдий Сувайд ҳафизаҳуллоҳдирлар.

Шайх Муҳйиддин Курдий раҳимаҳуллоҳ милодий ҳисоб билан 97 йил, ҳижрий ҳисоб билан 100 йил умр кўрдилар.

У кишининг машҳур гапларидан бири шудир "Бизни Қуръондан бошқа нарса билан эмас, балки фақат Қуръон билан танитган, машҳур қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!"

Расмдаги сиймони, нурни, табассумни қаранг. Бу Қуръони Каримга хизмат қилишнинг самараларидан биридир.

Зеро, Қуръони Карим аҳли Аллоҳ таолонинг аҳли ва У Зотнинг хос бандаларидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Карим таълимига, хизматига умрини бағишлаган Шайх Муҳйиддин Курдийдан рози бўлсин, қабрларини Қуръони Карим нури билан мунаввар айлаб, охиратда Қуръони Каримни шафотчи этсин!

Роббимиз бизнинг зурриёдларимиздан ҳам Ўзининг Каломи бўлмиш Қуръони Каримга хизмат қиладиган, умрини шу ишга сарф этадиганларни кўплаб чиқарсин!

http://t.me/nozimjonuz