Get Mystery Box with random crypto!

​​ОТА-ОНАНИНГ ДУОСИ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қи | 🌙Намоз Жаннатнинг Калити🌙

​​ОТА-ОНАНИНГ ДУОСИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч дуо дарҳол қабул бўладир. Уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Мазлумнинг дуоси. Мусофирнинг дуоси. Ота-онанинг фарзандлари зиддига дуоси», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитганман. У зот:
«Биронта одам бешикдалигида гапирмаган. Фақат Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ва Журайж соҳиби гапирганлар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Набийси! Журайж соҳиби ким?» - дейилди.
«Журайж ўз ибодатхонасидаги роҳиб одам эди. Унинг ибодатхонасидан пастроқда бир молбоқар ҳам бор эди. Ўша қишлоқда яшовчи бир бузуқ аёлнинг чўпон билан ўзаро алоқаси ҳам бор эди.
Бир куни онаси келиб, эй Журайж! деб уни чақирди. У намоз ўқиётган эди. Намоз ўқиб туриб, «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозними?» - деб ўйлади. Кейин намозни устун кўрди-да, намозини давом эттирди.
Онаси уни иккинчи марта баланд овоз билан чақирди. У яна «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозними?» - деб ўйлади-да, яна намозини давом эттирди.
Учинчи марта чақирди. У ўша фикр билан намозни ўқишда давом этди.
Жавоб бермагинидан кейин «Эй Журайж, нопок аёлларнинг юзини кўрмагунингча Аллоҳ сени ўлдирмасин!» деди-да, қайтиб кетди.
Бир куни бояги бузуқ аёлни боласи билан подшоҳнинг ҳузурига судраб келишди.
«Кимдан?» деб сўради.
«Журайждан», деди аёл.
«Ибодатхона соҳибими?» деди.
«Ҳа», деди аёл.
«Ибодатхонасини бузиб ташлаб, ўзини менга келтиринглар!» деди.
Ибодатхонасини чўқморлар билан уриб, ер билан яксон қилишди. Ўзининг қўлини бўйнига арқон билан боғлаб, олиб кетишди. Уни нопок аёллар олдидан олиб ўтишди. Уларни кўриб, табассум қилди. Улар эса одамлар ичидан унга назар солиб турар эдилар.
Подшоҳ:
«Манави аёл нимани даъво қиляпти?» деди.
«Нимани даъво қиляпти?» деди у.
«Боласи сендан эканини даъво қилмоқда», деди.
«Сен даъво қилаяпсанми?!» деди у.
«Ҳа, деди аёл.
«Ўша бола қани?» деди у.
«Ана, онасининг қучоғида!» дейишди.
Шунда Журайж унга қараб:
«Сенинг отанг ким?» деди.
«Молбоқар», деди бола.
Шунда подшоҳ:
«Ибодатхонангни тиллодан қилиб берайликми?» деди.
«Йўқ», деди.
«Кумушдан қилиб берайликми?» деди подшоҳ.
«Йўқ», деди.
«Нимадан қилиб берайлик?» деди подшоҳ.
«Ўзи қандай бўлган бўлса, шундай қилиб беринглар», деди. Шунда подшоҳ:
«Боя нимага табассум қилдинг?» деди.
«Ўзим билган ишга. Менга онамнинг дуоси тегди», деди ва бўлган воқеани айтиб берди».


("Ал-адаб ал-муфрад" китобидан)


️Дўстларингизга ҳам улашинг!
Бизга обуна бўлинг!