Get Mystery Box with random crypto!

​​​​САФАР Сафарга отландик Усмон Азим-ла, Биз мурид, довруқли | Nodir Jonuzoq kutubxonasi

​​​​САФАР

Сафарга отландик Усмон Азим-ла,
Биз мурид, довруқли шоир эшондек.
Булутлар эргашди тирик назмга,
Сўзнинг қудратига якбор ишондик.

Нукус юрагига қўнаркан учоқ,
Банди туйғулардан тўзғиб кетди ғов.
Танти қорақалпоқ очди-ку қучоқ,
Меҳрини пойандоз қилди Бўзатов.

Бунда жинғил жиров, туронғил шоир,
Сездим: ҳар лаҳза шеър тинглаб ўсурман –
Тўқайдан топаркан сўз Маҳмуд Тоир,
Хиргойи қиларкан Рустам Мусурмон.

Гўё кўз очгандай асотир, эртак,
Осмонтой гижинглаб қилгандай парвоз.
Шеър айтиб самодан тушгандай Бердақ,
Дўмбира тутгандай ё Ажиниёз…

Уч кун учиб ўтди учта паридай,
Илҳом бекатига тушдик – жилмадик.
Куйлаган кўнгилдан ғубор аригай – 
Ўзбек, қорақалпоқ бирга жирладик.

Кенгашиб, сирлашиб етдик муродга,
Қақраган қалбимиз бўлди гулистон.
Томиримиз битта: ё қўнғиротга,
Ё юзга тақалар – битта улусдан…

Шу боис эгизмиз – эмасмиз биров,
Шу боис сўз десак, бошқамиз – қойил.¹
Шу боис ўзбекнинг юраги жиров,
Қорақалпоқ кўнгли шу боис шоир.

Абадий сафарда йўлчимиз иноқ,
Бирга енгаяпмиз қору дўлларни.
Саҳролар бағрини қилаяпмиз боғ,
Йўлга солаяпмиз асов чўлларни…

Тошкентдан тўртовлон келган эдик, оҳ,
Кўзлари тўрт бўлган дўстларни кўрдик.
Каттакон шаҳарда тополмай паноҳ,
Даштни ватан тутган сўзларни кўрдик.

"Шеърга тўла экан бу ерлар, во-й-а-а,
Хўшлашмоқ  ғуссали…" – эмранди устоз.
Ҳар қандай сафар ҳам топгай ниҳоя,
Юз йиллик хуш дийдор туюлгайдир оз.

Қуёшга тик боқиб қийилди кўзлар, 
Нурли сўзимизни айтиб келдик биз.
Кузатди ўзбекка айланган дўстлар,
Қорақалпоқ бўлиб қайтиб келдик биз…

10.04.2021

¹Қойил – қорақалпоқ тилида "рози" дегани.

@nodir_jonuzoq