Get Mystery Box with random crypto!

​​ ЧЎЛПОН ҲАҚИДА (Мутал Бурҳонов хотираларидан) Чўлпон ўрта | Nodir Jonuzoq kutubxonasi

​​ ЧЎЛПОН ҲАҚИДА

(Мутал Бурҳонов хотираларидан)

Чўлпон ўрта бўй, тўлачадан келган, доимо юмалоқ гардишли оддий кўзойнак тақиб юрадиган одам эди. У жуда серандиша, одамларга бехосдан озор бериб қўйишдан чўчийдиган, кўнгилчан ва чинакам шоирона табиатга эга эди. Арзимаган нарсага хуноби ошиб, фиғони фалакка етар, асабийлашар, яна арзимаган сабаб билан кайфияти жойига келиб қоларди.
Шашмақом садолари янграганда Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю, хаёллари жунбушга келиб, нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди. У эшитган куйларини юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди.
Баъзан шундай бўлардики, Чўлпон бир куйни берилиб тинглаб, ундан бағоят мутаассир бўлиб, чиқиб кетарди-да, икки-уч кундан кейин шу куйга мослаб шеър ёзиб келарди. Бу шеър эса авалги сўзларга қараганда, куйга ўн чандон, юз чандон мосроқ бўларди. Чўлпоннинг «Галдир» деган шеъри бунга мисол бўла олади. У халқ куйига мослаб, дутор тилидан, дутор туйғуларини изҳор қилувчи ажойиб лирик шеър яратган. Чўлпоннинг ўзи қўшиқ айтмас эди, лекин, жиндай дутор чертарди. Назаримда у дуторни чертган одамни ҳам яхши кўрарди ва дуторни алоҳида бир меҳр билан суярди...

Озод Шарафуддинов ёзиб олган.

@nodir_ijod