Get Mystery Box with random crypto!

1 майдан бошлаб Ўзбекистонда энергия ресурслари учун тарифлар | Нигоҳ

1 майдан бошлаб Ўзбекистонда энергия ресурслари учун тарифлар либераллаштирилади. Бу қадам мамлакат учун жуда муҳим ва иқтисодиётимиз учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Нега?

Биринчидан, мамлакатда истеъмолчилар сони катта суръатлар билан ўсиб бормоқда, генерация эса анча орқада қолмоқда. 2016 йилдан буён қарийб 5,5 млн (!) аҳоли қўшилди (31,5 млндан 37 млнга), барча тоифадаги тадбиркорлар сони эса деярли икки баробарга (213 мингдан 420 мингга) кўпайди.

Айни пайтда Ўзбекистон тараққиёти учун зарур бўлган электр энергияси ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2016 йилда 59 млрд кВт/соат ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда – 78 млрд кВт/соат, 2024 йилда эса, эҳтиёждан келиб чиқиб, 85 млрд кВт/соат ишлаб чиқариш прогноз қилинмоқда.

Шундай бўлса ҳам, электр энергияси етарли бўлмаслиги мумкин, чунки электр узатиш линияларининг эскирганлиги туфайли йўқотишлар 20 фоиздан ошади — бу йўл қўйиб бўлмайдиган ҳашамат. Бундан ташқари, эскирган ускуналар авариялар ва технологик носозликлар хавфини оширади.

Иккинчидан, энергия бозоридаги вазиятни яхшилаш ва талабнинг янада ўсишига тайёргарлик кўриш учун катта миқдорда сармоя киритиш керак. 2030 йилга бориб газга бўлган талаб 65 млрд куб метргача ошиши кутилмоқда, электр энергиясига эса — 110 млрд кВт/соатгача. Бунинг учун тахминан 25 миллиард доллар керак бўлади.

Паст тарифлар, тўғрироғи, зарарига ишлайдиган тарифлар (олдинги постни кўринг), ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш учун зарур бўлган капитални жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда. Тарифларнинг ошиши соҳага инвестицияларни рағбатлантиради, бу эса узоқ муддатли истиқболда энергия таъминоти сифати ва ишончлилигини оширади.

Учинчидан, нархларнинг ошиши энергияни оқилона истеъмол қилиш ва энергия тежайдиган тизимлардан фойдаланишга ўтишни рағбатлантиради. Агар жаҳонда энергия истеъмолининг қарийб 23 фоизи уй-жой соҳасига тўғри келса, Ўзбекистонда бу рақам 40 фоизни ташкил қилмоқда. Хусусан, Европада 1 квадрат метр учун энергия сарфи йилига 120-150 кВт/соатни ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 390 кВт/соатдан ошмоқда.

Истеъмолчиларни умумий истеъмолни камайтиришга ундаш электр тармоғидаги юкни камайтиради. Энергия самарадорлиги, ўз навбатида, атроф-муҳит экологиясига юкни камайтиришни англатади.

Умуман олганда, тарифларни либераллаштириш энергияга бўлган талабнинг ошишига ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигига яхшироқ тайёргарлик кўриш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, блэкаутларсиз. Бу нафақат глобал тенденция, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам муҳим масаладир. Бусиз ривожланиш нафақат қийин, балки умуман имконсиз ҳамдир.

Telegram | YouTube