Get Mystery Box with random crypto!

​Ҳурматли ватандошлар! Сизни, кириб келаётган 2021 йил билан | Neft va Gaz Ishi

Ҳурматли ватандошлар!

Сизни, кириб келаётган 2021 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ўтиб бораётган 2020 йилда бутун дунёни ўз исканжасига олган коронавирус пандемияси нефть ва газ тармоғида ҳам вазиятни мураккаблаштиришига қарамай, тизимдаги ишлар бир соатга ҳам тўхтагани йўқ.

Пандемия даврида белгиланган маррага эришиш учун янгича иш услуби, яъни ҳар қандай вазиятда тезкор қарор қабул қилишга, ривожланган мамлакатларнинг эшиклари ёпилган бир пайтда ҳам ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда мақсадга эришишга, энг муҳими – масофадан ишлашни ўргандик. Вазият Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарёдаги борса келмас ҳудудларда ҳам онлайн иш олиб бориш жараёнларини тезлаштирди.

Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини табиий газ ва нефть маҳсулотлари билан таъминлаш корхонамиз олдида турган муҳим мақсадлардан биридир.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” жамияти олдига қўйилган вазифаларнинг ижроси билан таништирсам.

Углеводородларни қазиб чиқариш йўналишида 2020 йилда табиий газ қазиб чиқариш – 33,6 млрд куб метрни (ўсиш 100,3 фоиз), газ конденсати – 1 миллион 415 минг тонна (режага нисбатан – 99,4 фоиз), нефть – 204,0 минг тоннани (108,0 фоиз) ташкил этди.

121 та янги қудуқ бурғиланиб ишга туширилди, 600 та қудуқлар мукаммал ва жорий таъмирланди ҳамда интенсификация қилиш ишлари амалга оширилди, 42 та технологик объектлар қурилди.

Геология-қидирув ишларини олиб бориш йўналишида 2020 йилда табиий газ захираси 20 млрд куб метрга (қўшимча 2 млрд куб метр), газ конденсати захираси 620 минг тоннага (қўшимча 20 минг тонна) ўстирилди.

2021 йилда табиий газ захирасини 35 млрд куб метрга (ўсиш 175 фоиз), газ конденсати захирасини 900 минг тоннага (150 фоиз) ўстириш режалаштирилган.

Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун 50 та қудуқ бурғиланади, 19 та янги майдонлар бурғилашга киритилади.

Кириб келаётган янги йилда барча кучларни сафарбар қилиб, нефть ва газ тизимидаги мавжуд имкониятларни янада кўпроқ рўёбга чиқарамиз. Фидокорона меҳнатимиз билан халқимиз ёнида юзимиз ёруғ бўлишига ишонаман.

Кириб келаётган янги йилда барчангизга соғлик-саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, бахту омад тилайман.

Юртимизда доимо тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурсин!

Ҳурмат билан,
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев