Get Mystery Box with random crypto!

НЕВАРАЛАРГА... Уйингизни бозор қилган, Кўп гапириб безор қилг | Neksiya bozor | Nexia bozor

НЕВАРАЛАРГА...

Уйингизни бозор қилган,
Кўп гапириб безор қилган,
Бир пас ухлашга зор қилган,
Неваралар омон бўлсин!

Тасбехни узиб қўйса ҳам,
Китобга чизиб қўйса ҳам,
Соатни бузиб қўйса ҳам,
Неваралар омон бўлсин!

Севингансиз туғилганда,
Ўғлингиз ота бўлганда,
Уйингизни тўлдирганда,
Неваралар омон бўлсин!

Қовурдоқда сандиқ тўлган,
Бош оёқ сарпо кийдирган,
Қудаларни хўп ийдирган,
Неваралар омон бўлсин

Қизларники меҳмон бир кун,
Ўғилники бирга кун, тун.
Шулар билан бағриз бутун,
Неваралар омон бўлсин!

Қизникини уришолмайсиз,
Олдида гап айтолмайсиз,
"Тегма!", "Олма!" деёлмайсиз,
Неваралар омон бўлсин!

Уйдагига бақир, чақир,
Суркалиб келар қурмағур,
"Собственний"да ахир,
Неваралар омон бўлсин!

Сакраса юрак шувиллар,
Гапирса бошинг ғувиллар,
Йўқ бўлса уйинг ҳувиллар,
Неваралар омон бўлсин!

Уқалайди оёғингиз,
Синар идиш, товоғингиз,
Сололмайсиз қовоғингиз,
Неваралар омон бўлсин!

Овқат вақти минғилласа,
Косасини нари сурса,
Бир туширгинг келар роса,
Неваралар омон бўлсин!

Емаганин едирасиз,
Кийимини кийдирасиз,
Улар билан овунасиз,
Неваралар омон бўлсин!

Ёрдамчингиз, дастёрингиз,
Ҳам кўзингиз, қулоғингиз,
Ҳам ҳассангиз, оёгингиз,
Неваралар омон бўлсин!

Ҳар нарсангиз топиб берган,
Пульт, кўзойнак қайда, билган,
Тасбеҳингиз ўйнаб юрган,
Неваралар омон бўлсин!

Билар телефонлар кодини,
Нафақангизнинг вақтини,
Пул турадиган қутини,
Неваралар омон бўлсин!

Дўконларга етаклайсиз,
Эшилиб пул сарфлайсиз,
Шулар билан шод яшайсиз,
Неваралар омон бўлсин!

Қон босимини оширган,
Қорни очганда шоширган,
Сабр косасин тоширган,
Неваралар омон бўлсин!

Додаларга "валерианка",
Яхши доридир юракка,
"Асал", "Попук", Тойчоқ", "Така",
Неваралар омон бўлсин!

Тўполони кетса ошиб,
Кетгинг келар қочиб, қочиб,
Кечирасан бағринг очиб,
Неваралар омон бўлсин!

Отасидан қутилгансиз,
Боласига тутилгансиз,
Энди доим биргадирсиз,
Неваралар омон бўлсин!

Бўйгинанг тез чўзилгурлар,
Уйингга буғдой тўлгурлар,
Маккага имом бўлгурлар,
Неваралар омон бўлсин!

Бир кун сизни эслаб юрар,
Қуръон ўқиб, ёдлаб турар,
Руҳингизни шодлаб турар,
Неваралар омон бўлсин!

Орқамизда қолсин бари,
Олдимизда юрсин бари,
Кўз қувончи, дил мадори,
Неваралар омон бўлсин.

Аллоҳимнинг раҳматлари,
Бизга берган неъматлари,
Уй безаги, зийнатлари,
Неваралар омон бўлсин!

Қизлар бўлишсин иболи,
Иффатли, шарму ҳаёли,
Қория, илмли, вафоли,
Неваралар омон бўлсин.

Ўғиллар Қори бўлишсин,
Ватаннинг ори бўлишсин,
Йигитнинг нори бўлишсин,
Неваралар омон бўлсин!
Муҳими - зўр ИНСОН бўлсин!

Мастура Хожи Она Шеьрлари.