Get Mystery Box with random crypto!

Нима учун Ўзбекистон янги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги | YANGI O'ZBEKISTON

Нима учун Ўзбекистон янги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан коррупцияга қарши етарли даражада кураша олмайди? (1-қисм)

Ҳеч қишлоқдаги бобо деҳқон меҳнатини кузатганмисиз? Эрта баҳорда бирор экин экмоқчи бўлса, барча ишни экин экиладиган ернинг парваришидан бошлайди. Мавжуд бегона ўтларни имкон қадар юлиб ташлайди.

Мисол учун ажриқни (лотий тилида “cynodon dactylon” деб номланади) олайлик. Илдизпоялари мустаҳкам, томири еростида горизонтал тарзда ўсади. У тупроқдаги озиқ моддаларини сўрувчи ва ерни ориқлантирувчи кучга эга ўсимлик ҳисобланади. Нимжон экинни унинг олдида ўсиши жуда қийин кечади. Шу сабабли буни англаган деҳқон ажриқнинг томирига кетмон уради. Тупроқ бир мунча ичкари ковланиб, илдизи билан олиб ташланишига эришилади. Бўлмаса, ўсаётган экин нимжон ёки камҳосил бўлади ёки бўлмаса, ўлади. Юлиб ташласангиз ҳам ажриқ тўлиқ йўқолмайди. Уруғлари тўкилади, яна униши мумкин. Бироқ вақтдан ютиш эвазига мақсадга эришилади.

Жамиятдаги коррупция ҳам ҳудди шундай кучга эга. Уни бутунлай даф қилиб бўлмайди. Максимализмга эришилганда ҳам камроқ миқдорда, маиший ва элитар коррупция шаклида сақланиб қолаверади. Лекин коррупцияни жиловлаш мумкин.
2016 йилнинг октябрь ойида Шавкат Мирзиёев президентлик сайлови олдидан ўз дастурини эълон қилганди. Унда энг асосий йўналишлардан бири этиб, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш белгиланганди. Ўшанда Мирзиёев жиноят ва ҳуқуқбузарликлар статистикасини келтириб, коррупцияга қарши курашиш энг асосий вазифаси бўлиб қолишини айтганди. Мана орадан роппа-роса тўрт йил (бу сиёсий оламда жуда катта муддат ҳисобланади) ўтди. Ўзбекистон ҳукумати халқи кутганидек коррупцияга қарши етарли даражада кураша олдими?

Мендан сўрасангиз ҳозирча “йўқ” дея жавоб қайтарган бўлардим. Истасангиз, кўчада аҳоли орасида сўровнома ўтказишимиз ҳам мумкин. Менимча, кўпчилик мендаги вариантни танласа керак. Аввалгидан кўра ҳам коррупция даражаси ошиб кетди, дейдиганлар ҳам топилиши мумкин.
2017 йилнинг январь ойида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Кейинроқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Мазкур идоранинг ҳисоботларини сўнгги икки йилда икки марта эшитдим. Биринчи йиғилиш ўтган йилнинг декабрь ойи охирида бўлганди. Ушбу мажлисда қатнашгандим. Йиғилишни президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов олиб борганди. Ўзбекистонда энг кўп маблағ ажратиладиган ва энг кучсиз соҳалардан бири бўлган – Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими жуда қаттиқ танқид остига олинганди.

Ўшанда ССВ президентнинг 14 та топшириғини умуман бажармагани, ҳамшира ёки санитария ходими ўрни 100 доллардан 1 000 долларгача сотилаётгани, тизимда уруғ-аймоқчилик урчигани ва бошқа муаммолар айтилганди. Жамоатчилик бу йиғилишни ижтимоий тармоқларда бир неча кун муҳокама қилганди. Орадан бироз вақт ўтгач, аввалги салбий ҳолат яна давом этди. Тизимли ўзгариш ҳануз бўлмаяпти.

Ўшанда масъуллар билан халқ таълими, олий таълим соҳаларидаги коррупцияга оид маълумотлар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси мажлиси бўлиши ва бу ОАВда кенг миқёсда ёритилишига келишилганди. Мажлиску бўлгандир, аммо у ердаги асл вазият соғлиқни сақлаш тизимичалик жамоатчиликка етказилмади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг фаолиятини кузата туриб саволлар пайдо бўлиши табиий. Коррупция фақат таълим, соғлиқни сақлаш ва шу каби тизимларда холосми? Нега ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти бу даражада таҳлил қилинмаяпти ва маълумотлар ОАВда ёритилмаяпти?

(давоми бор, каналда...)

@New_Uzbekistan2020 | Rasmiy kanal