2020-06-10 12:42:37
Боғим кетди — қолган кўнглим ёбони,
Олдида қум, ортидадир довони,
Келаётган ўзгаларнинг даврони —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
Ғам селини тун-кун кечиб ўтдинг сен,
Кишанларни узиб, ечиб ўтдинг сен,
Кўз ёшларни ичиб-ичиб ўтдинг сен —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
Орзулар ўтларда ёниб кетдилар,
Шамоллар кулларни олиб кетдилар —
Ҳатто куллари ҳам ғолиб кетдилар —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
Кетган — офтоб, қолган — митти чироқдир,
Чироқни пуфлаган мастон фироқдир,
Осмонга қарадим — осмон фироқдир —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
Вақт шоҳ бўлса, Оллоҳнинг йўқ қўмаги,
Тебраниб-тебраниб толди юрагим,
Ҳар босганинг — жонимнинг бир бўлаги —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
Бир ўжар, довулда учиб қоляпман,
Туянгдан сирғаниб тушиб қоляпман.
Йўлингда қумларни қучиб қоляпман,—
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
Жонимни бунча тез фидолар қилдим,
Гарчи эшитмайсан — дуолар қилдим,
Ортингдан эмраниб садолар қилдим:
— Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.
О, бекор шаън ўйлар суриб боряпсан,
Билмайсан, қайларга юриб боряпсан,
Боряпсан — тупроққа кириб боряпсан —
Тўхта-я, тўҳтагин, умрим карвони.
Усмон Азим
@nazmiy
377 views09:42