Get Mystery Box with random crypto!

​Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, онаси Туркияга | #Aziza Umar kundaligi

​Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, онаси Туркияга ишлагани кетган аёлнинг уч ёшли қизчасини холаси калтаклаб, уриб ўлдирибди (https://telegra.ph/file/977c9f2c30d6281753ee4.jpg). Маълум бўлишича, холаси ўзини қарамоғида бўлган жиянчасини доимий равишда калтаклаб келган.

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қиладиган алоҳида бир ташкилот бўлиши шарт.
Бу ташкилот таркибида болаларни ҳимоя қиладиган департамент бўлиши шарт.
Худди шу ташкилот таркибида ижтимоий хизмат ходимлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи департамент бўлиши шарт.
Худди шу ташкилот таркибида ижтимоий хизматларни ривожлантириш департаменти бўлиши шарт.

Мамлакатимиздаги бир қанча олий таълим муассасаларида Ижтимоий иш бакалавриат йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий университетида бутун бошли Ижтимоий иш кафедраси фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур йўналиш ва мутахассислик учун ўқув режаси БМТ UNICEF ташкилотининг Болалар фонди тавсиясига кўра Columbia университети томонидан тақдим этилган.

Лекин мазкур йўналиш ва мутахассисликни битирган биронта талаба ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаган. Бундан ҳам катта бемаънилик бўлиши мумкинми?!

Яна қанча кутишимиз керак?

Барака топкурлар, келинглар, туман/шаҳарлар даражасида ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи мутахассис лавозимини жорий этинглар. Мазкур йўналиш бўйича университетни битирган, олий маълумотли мутахассислар жуда кўп, уларни шига қабул қилинглар. Кимларнидир малакасини ошириш ёки қайта тайёрлашга эҳтиёж йўқ, тайёр мутахассислар бор ва етарли, вақт йўқотиш керак эмас.

Эҳтимол бу иш учун Маҳалла тизимидан ҳам кимларнидир бириктириш мумкин бўлар, лекин бу акс натижа бермасмикин деган хавотир ҳам йўқ эмас...

Давлат ташкилотларининг мутасадди раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли раҳбарлар, Сизлар буни тушунишингиз керак. Биз бу борада Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги тугатилган 2016 йилдан буён оқсаб келмоқдамиз. Барча моддий-техник базани ва кадрлар потенциалини йўқотиб бўлдик. Яна озроқ вақт ўтса, умуман ҳеч нарса қолмайди.

Ижтимоий ҳимоянинг институционал асосларини ислоҳ қилиш масаласи муҳокама қилиниши узоқ йиллардан буён чўзилиб келмоқда, бу вақтда эса аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоя бўйича малакали мутахассислар хизматидан мосуво қилинган, реабилитация қилиш, психолог ёрдами кўрсатиш каби хизматлар тақдим этилмаяпти, қаровчисиз қолган болаларни доимий жойлаштиргунга қадар вақтинча парвариш қилиб турадиган (фостер) оилалар фаолияти йўлга қўйилмаган.

Ҳимоясиз қолган болачалар зўравонлик ва жароҳатларнинг гирдобида нобуд бўлмоқда.

Тушунинглар ахир, ижтимоий ҳимоя бу фақат ижтимоий тўловлар дегани эмас, ундан ташқари бу яна ижтимоий суғурта ва ижтимоий хизматларни ҳам тақдим этиш демакдир. Айнан мана шу ижтимоий хизматлар мамлакатимизда умуман тақдим этилмайди! Мутлақо йўқ! Мана шу фожиани ўз раҳбариятингизга тушунтиринг, илтимос!

Ахир сизлар ҳам шу замин фарзандисизлар, шу юртда яшайсизлар. Фарзандларингиз ҳам шу юртда яшайди. Жамият жарликка юз тубан қуламоқда. Велосипедни қайта кашф этиш ва маҳалла тизими орқали ижтимоий ҳимоя қилишни йўлга қўйиш бўйича турли тажрибалар ўтказиб кўришга вақт сарфламаслик керак. Вақт ўтяпти, гўдак болалар нобуд бўляпти. Бу ишларни олдини олиш керак.

Дунёдаги кўплаб мамлакаталарда бўлгани каби бизда ҳам ижтимоий ҳимояни амалга оширувчи, ижтимоий хизматларни тақдим этувчи нормал ишлайдиган тизимни яратиш керак. Бу тизим Ижтимоий ҳимоя вазирлиги деб номланадими, давлат қўмитаси ёки агентлиги деб номланадими, бу муҳим эмас. Муҳими, республика-вилоят-туман/шаҳар-маҳалла вертикали бўйича фаолият олиб борадиган мустақил ташкилот бўлса бўлди. Маҳаллий даражада ижтимоий хизматлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин. Мана шу ишни қилинглар, 2-3 йилдан кейин вазият ижобий тарафга буткул ўзгарганини кўрасизлар.

Бу ўта муҳим!

https://t.me/Nazlobudnya_AU