Get Mystery Box with random crypto!

Профессионал ижтимоий хизмат тизими керак Шу йилнинг 2 август | #Aziza Umar kundaligi

Профессионал ижтимоий хизмат тизими керак

Шу йилнинг 2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 47 ёшли аёл ходими корхонага кириш жойида устидан бензин сепиб, ўзига ўт қўйгани ҳақида тарқалган хабарлар бир неча бор кўтарганимиз — ижтимоий хизмат тизимини мутлақо янгидан барпо этиш, институтционаллаштиришнинг аллақачон вақти етганини яна бир бор исботламоқда. Кимки ҳаётда оғир вазиятга тушиб, унга на жамият, на давлат ёрдам қўлини чўзса — ўз жонига қасд қилса, ҳаммамизнинг фожеамиз. Ҳар бир суиқасднинг ўз сабаблари бор, кимдадир моддий масала, кимдадир руҳий, кимдадир эса умуман бошқа масала. Аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши одатда оиладаги муҳит билан узвий боғлиқ бўлади.

Рости, аёлларга, оилаларга ёрдам берсин деб қўмита тузганмиз, вазирлик очганмиз. Мингта лавозим жорий қилганмиз — ҳоким ўринбосаридан тортиб маҳалла маслаҳатчисигача. Бюджетдан ҳар йили миллиардлаб пул ажратилади. Лекин нафи бўляптими? Тадбирбозлик, қарсакбозликдан нарига ўтилаётгани йўқ. Қийин вазиятга тушиб қолган аёлга ким қандай ёрдам беришни билмайди, узоғи билан қуруқ маслаҳат берилади, “сабр қилинг, ўтиб кетади”, дейишдан нарига ўтилмайди. Ҳамма масъулиятни ўзидан соқит қилади, кечирасиз-у, ўзини осаман деган аёл, умид қилса, ўша ташкилотлар эшигида сарсон бўлади.

Бу мавзу неча йиллардан бери кўтарилади. Бизга профессионал ижтимоий хизмат тизими керак. Модомики аёл оғир аҳволга тушиб қолган бўлса, унга керак бўлса вақтинчалик бошпана берадиган, бутун тизимни оёққа турғизадиган, малакали психологик ёки ҳуқуқий ҳимояга оладиган тизим бўлиши керак. Бу тизим ҳар хил вазирлик ва идоралар таваккалига тақсимлаб ташланган ижтимоий хизматларни ўзида жамлаши лозим. Бу биргина суицид эмас, балки оилавий зўравонлик, болалар фаровонлиги, ногиронлиги бўлган шахслар — умуман, ижтимоий заиф қатламни кўчага ташлаб қўймайдиган ДАВЛАТ кафолат тизими бўлиши керак.

Йўқса, ҳар гал юқоридаги каби фожеа юз берганида коптокни у идорадан бу идорага тепиш билан шуғулланаверамиз. Жабрдийдалар эса жабрланишда давом этаверади. Энг муҳими, бунинг учун ғилдиракни қайтадан кашф қилиш керак эмас. Дунёда яхши тажриба тўплаган, халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон бўйича том-том тадқиқотлар, қўлланмалар чиқарган. Сиёсий иродани кўрсатишнинг вақти келди, назаримизда.