Get Mystery Box with random crypto!

Азиза Умарова ёзмоқда: “Куёв ва келин воқеасини муҳокама қили | #Aziza Umar kundaligi

Азиза Умарова ёзмоқда:

“Куёв ва келин воқеасини муҳокама қилиб улгурмасимиздан ОАВда эмизикли боласини шифохона палатасида дўппослаётган она видеоси эълон қилинди. https://kun.uz/57337543

Ҳайвонот боғида онаси томонидан панжарадан айиқ олдига ташланган қизни эсингиздами? У шунча пайтдан бери ўз уйида. Қиз тақдирида ҳеч қандай ғайритабиий ҳодиса рўй бермади. Ҳа! У уйида. Чунки мамлакатда ижтимоий хизматлар ишламайди.

Олой бозорида иккита боласи билан сарсон бўлган аёл ёдингиздами? Унга ёрдам беришгани ҳақида хабар чиқди. Уни ўша бозордан ҳайдаб юборишган. У бошқа бозорда худди шундай юрибди. Охир-оқибат оддий кўнгилли фуқаролар унга ID қилдириб берган, давлат эмас. Вақтинчалик бошпанани ҳам улар берган.

Яна Сергелида гиёҳвандлар орасида яшаган болаларни ҳам эслайман. Уларни аҳоли қўнғироқларидан кейин Ҳокимият илтимоси билан Маҳалла қаергадир роппа-роса бир суткага олиб кетди. Чунки олиб боришга жой ва улар билан шуғулланишга одам йўқ.

Ўз фарзандини калтаклаган аёл тақдири нима бўлади? Хўш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни топиб, исмини оммага эълон қилди ҳам дейлик. Бир суткадан сўнг воқеа унутилади. У яна гўдак билан қолади. Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қарамоғига олиш ташкилотлари эса йўқ. Бўлмайди ҳам.

Бундай воқеалар жуда кўп. Улар ҳал қилинмаяпти. Шунчаки, четга суриб қўйиляпти. Зеро, жамиятдаги муаммолар ҳар доим тизимли ечимларни талаб қилади. Қуруқ баёнот ва насиҳатлар эмас, аниқ механизм ва қадамлар керак.

Жамият ижтимоий ҳимоя базаси, профессионал ижтимоий хизматчилар, болаларга ғамхўрлик қилиш хизмати, қарамоғига олган ота-оналар ассоциацияси, ижтимоий хизматларсиз соғлом бўла олмайди.

Мен юз марта такрорлайман. Бизга зудлик билан ижтимоий ҳимоя бўйича профессионал орган керак. Унинг таркибида ногиронлар, ёлғиз кексалар, оилавий зўравонлик ҳолатлари бўлган оилалар билан ишлаш бўлимлари ташкил қилиниши керак. Методологияси анча олдин ёзилган. Ҳаммаси аллақачон ишлаб чиқилган.

Сизлар шунча йилдан бери институционал муаммони ҳал қилмаяпсизлар. Лекин, кўпинча энг заиф, ҳимояланмаганлар азобланмоқда. Бу сафар энди болалар жабр кўрди.

Муаммоларни кечиктириш ва тушунчаларни алмаштириш орқали айни пайтда ёрдамга муҳтож бўлганларни жуда ҳам бахтсиз қилмоқдасизлар. Кеч бўлмасдан олдин уларга қўл чўзиш керак.

Ваколатли органни яратишни истамаслик одамлар устида ўтказилаётган тажрибага ўхшайди.

Ташкил қилинг уни, ва ниҳоят”.

Манба