Get Mystery Box with random crypto!

​​Тентак Федерация. Азиза Умарова уч опа-сингил гроссмейстер | #Aziza Umar kundaligi

​​Тентак Федерация.

Азиза Умарова уч опа-сингил гроссмейстер шахматчилар ҳақида ажойиб пост ёзибдилар. Мен шу постни ўзбек ўқувчисига етказиб бериш мақсадида уни рус тилидан ўзбек тилига таржима қилдим. Хатоликлари бўлса, Азиза опа кечирадилар деб ўйлайман, лекин имкон қадар халқчил тилда ёритишга ҳаракат қилдим. Постни биринчи шахсда ёздим, лекин биринчи шахс сифатида мени эмас, Азиза Умаровани тушунасизлар.

——-

Уч опа-сингил, Нафиса, Ҳулкар, ва Гулруҳбегим, гроссмейстерлар тарихи. ОАВ кичик қиз Гулруҳбегим АҚШ миллий терма командаси аъзолигига киргани ҳақидаги янгиликлар билан шов-шув кўтарди. Ушбу пост аслида воқеалар ривожи қандай тус олганлигини ўқувчига етказиш учун ёзилди.

Мен уч опа-сингилни анчадан бери биламан, ҳатто уларнинг ўртанчаси Ҳулкар ва унинг шахмат мактаби Sky Chess билан бир неча йил аввал Ground Zero Coworking Space ҳудуди илк бор аёллар ўртасида шахмат бўйича очиқ чемпионат ўтказишга ҳам улгурганмиз.

Тасаввур қилинг, Қўқонда, оддий бир оилада уч қизалоқ дунёга келади. Уччала қизга ҳам дастлаб отанинг ўзи шахмат сабоқларини ўргатиб боради ва кейинчалик уларни мураббийларга топширади. Шахматдан ташқари қизлар инглиз тили, мусиқа ва бошқа тўгараклар билан шуғулланиб боришади. Оила бошлиқлари уларни ҳар соҳада қўллаб-қувватлаб боришади.

Тунғич фарзанд, Нафиса, Ўзбекистондаги илк халқаро тоифадаги аёл гроссмейстер унвонига сазовор бўлади. Ўз вақтида Каримов унга Apple компьютерини ҳам совға қилган эди.

Қизларнинг отаси тадбиркор ва у қизларининг тўгарак машғулотлари, халқаро турнирларга бориш харажатларининг ҳаммасини ўз ёнидан қоплаб борган. Бу анчагина маблағ талаб қилган. Шахмат Федерацияси раҳбарининг ҳам қизи бор, у ҳам барча шахмат турнирларида қатнашиб келади. Лекин у доим опа-сингилларга ютқизиб келган. Шундан Федерация ва опа-сингиллар ўртасида муносабатларга совуқчилик туша бошлаган.

2007-йилда Нафиса илк бор аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига чиқади ва бу унинг 2008-йилда Осиё ва 2010-йилдаги Осиё ўйинларида кумуш медаллар олишига туртки бўлади.

Федерация билан зимдан муносабатлар совуқлашиши кучайиб кетишига 2014 йилда уччала опа-сингилнинг ҳам (энг кичик қиз, Гулруҳбегим, ўша пайтда спорт устаси эди) рейтинг бўйича Олимпиада ўйинларига чиқиши сабаб бўлган.

Юртимизнинг биринчи доскаси Нафиса шундоқ ҳам мусобақага бориши тайин эди, лекин қолган икки сингилнинг рейтинг натижалари юқори бўлса ҳам Федерация уларнинг мусобақага боришига таъқиқ қўйди. Улардан фақат бири Олимпиадага бора олар эди. Бунга на тушунтириш, на ёзма баёнот беришди. Бундан норози бўлган опа-сингиллар Федерацияга очиқ чемпионат ўтказиш ва ҳақиқий муносиб номзодни аниқлаш таклифини беришди. Федерация буни рад қилди. Шунда опа-сингиллар ҳеч биримиз унда бормаймиз деган позицияни танлашди.

Қизлар кейинги йилларда ҳам кўп мусобақаларда ўринлар олишди, ҳатто кенжа қиз Гулруҳбегим Жаҳон чемпионатида ярим финалгача борди. Бу Ўзбекистон тарихида бўлмаган ҳолат эди. Лекин уни аэропортда ҳеч ким кутиб ҳам олмади, ҳеч қанақа квартира ёки машина калити ҳам топширилмади. Буларнинг барчасига Федерация таъсири бўлса керак. Чунки қизларнинг барча ғалабалари соя ортида қолиб кетар эди.

Энди Гулруҳбегимга омад кулиб боқиб у АҚШда ўқиш учун грант ютди, унинг машғулотлари ва клуб учун ўйинлари харажатларининг барчаси қоплаб бериладиган бўлди. Ҳеч бир Федерация унга тўсқинлик қилмайди. Ғалабага бўлган имкониятлар кенг.

Мен бизда шундай талантларни қадрлашмаётганларидан жуда афсусланаман, лекин айнан шу ажойиб опа-сингиллар қачондир Қўқонда, оддий ўзбек оиласида дунёга келганидан жуда ҳам фахрланаман. Улар қаерда ўрин олишмасин, улар ўзбек қизлари бўлиб қолишади. Қолгани спорт мутасаддиларининг айби.

- Ота - Мўминов Алишер Тоҳирович - тилло одам.

Биз сизлар билан фахрланамиз, қизлар, сиз миллатнинг фахрисизлар.



Шунча гапдан кейин Федерация тентак бўлмай, мен тентак бўлайми?

@tentakminds