Get Mystery Box with random crypto!

ИШОНЧ Исҳоқ ибн Ибод Басрий айтади: 'Бир куни туш кўрдим. Туш | Nazarmahram_uz ☪️

ИШОНЧ

Исҳоқ ибн Ибод Басрий айтади:
"Бир куни туш кўрдим. Тушимда бир киши менга: "Қийналган кишига ёрдам бер!", деди. Туриб уйдагиларга: "Қарангларчи, қўшнилар ичида муҳтожи борми?", дедим. Улар: "Йўқ", дейишди. Мен эртаси ҳам шунақа туш кўрдим. Тушимда бир овоз: "Қийналганга ёрдам бермасдан ётаверасанми?!", деди. Туриб хизматкоримга: "Отни эгарла!", дедим. Ўзим билан 300 дирҳам олдим. Сўнгра отни миниб жиловини қўйиб юбордим. От мени бир масжидга олиб борди. У ерда жаноза намози ўқилаётган экан. Отим ўша ерда тўхтади.
Масжидда бир кишининг намоз ўқиётганини кўриб қолдим. Намоз вақти эмас эди. У мени кўриб олдимга келди. Мен ундан сўрадим:
- Бу пайтда, бу жойга сени чиқишга нима мажбур қилди?
У деди:
- Мен сават тўқийдиган ҳунармандман. 100 дирҳам сармоям бор эди. У қўлимдан кетиб яна 200 дирҳам қарз бўлиб қолдим.
Мен чўнтагимдан 300 дирҳамни чиқариб унга бердим ва сўрадим:
- Мени танийсанми?
У:
- Йўқ, деди.
Мен дедим:
- Мен Исҳоқ ибн Ибод бўламан. Муҳтож бўлиб қолсанг менинг олдимга бор. Сенга ёрдам бераман. Уйим фалон жойда.
У деди:
- Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Бошимга кулфат тушса сизни шу пайтда уйингиздан чиқариб менинг олдимга олиб келган Зотга мурожаат қиламан!

Мен ўзимга "Аллоҳга бўлган ишонч қандай гўзал!", дедим".

Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ
"Шуъабул иймон" китобидан.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Nazarmahram.uz 

ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
ㅤㅤㅤ