Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугун мактубингизни ўқиб бўлишим биланоқ, қўшни хонага кирди | Наврўза

​​Бугун мактубингизни ўқиб бўлишим биланоқ, қўшни хонага кирдим. У ерда ота-онам ҳар доим тушликдан сўнг қанчадир вақт қарта ўйнаб ўтиришади.
Ва остонада турганча, отамга юзландим: "Мен уйланмоқчиман, нима дейсиз?"
Бу сиз ҳақингизда отам ва менинг ўртамизда бўлган биринчи суҳбат эди. Албатта, у онам нимадан хабардор бўлса, ундан барчасини билиб олган бўлиши керак. Отамга қойил қолишим ҳақида сизга айтганмидим? У менга, мен эса унга душманмиз, гўё. Буни бизга табиатнинг ўзи туҳфа қилган. Буни биласиз, албатта. Бундан ташқари, яна бир ҳолат борки: менинг унга нисбатан ҳис қиладиган ҳайратим, эҳтимол, унинг олдида туядиган қўрқувимдан кўра улканроқ, мен сизга айтсам.
Буни қандайдир йўл билан четлаб ўтишим мумкин, бироқ ҳеч қачон енгиб ўтолмайман. Барча суҳбатимиз каби (умуман олганда, булар суҳбат ҳам эмас, эмишки, мен томонимдан қилинадиган тушунарсиз ҳайқириқлар ва у томонидан айтиладиган баландпарвоз нутқлардан иборат ҳар сафарги суҳбатимиз) бу суҳбатимиз ҳам ғазабнок кайфият ва бу ғазабга нисбатан менинг чарчоғим билан бошланди. Айни дам ўзимни парчаланган ҳолатда ҳис қиляпманки, бутун жараённи тўлалигича етказиб бероладиган аҳволда эмасман. Ваҳоланки, суҳбат мени толиқтиргани йўқ, ахир менинг ота-онам олдидаги ожизлигим ўзимга яхши маълум. Отамга ҳам маълум. Ва, албатта, бу ожизлик ўзимдан ҳам бурун отамни кўпроқ безовта қилади. Асосийси эса, у менга ҳозирги даромадим билан ҳам таваккал қилганча оила қурадиган бўлсам, менинг тайин мақсад ва бардошга эга эмаслигим билан рўй бериши муқаррар бўлган қашшоқликни тасвирлаб берди. Ва қашшоқликнинг асло енгилмаслигини, уни ҳеч нима бартараф қилолмаслигини кўрсатиб бера олди. Қўшимча далил сифатида, менинг мақсадларим билан алоқа ўрнатолмаслигимни ва —қисман бўшлиққа, қисман онамга, қисман менга қарата — моддий ҳаётидан ҳеч қачон қониқиш ҳис қилмайдиган (ҳақли равишда, албатта) ўртанча синглимнинг ҳаётидан ҳам ўпкаланишини айтиб кетди.
Шу тарзда, тахминан ярим соат вақт ўтди. Охирида эса, аксар саҳна асарларининг якуни каби одамни ланж ва бўшашиб қолган бир аҳволга солиб қўйди. Тўғри, бу жараён кучли шаклда ёки ташқаридан кузатса бўладиган тарзда амалга оширилмайди, бироқ суҳбатдошни ўзини иложсиз ва қуролсиз ҳис қилишга мажбур қилади. Айниқса, мени —умрида бирор марта отасига қарата чин дилдан самимий сўз айтолмаган одамни.
Ваниҳоят, суҳбатни агар мен жудаям истаётган бўлсам, Берлинга—сизларникига боришга ва ўзининг муносабатини айтишга тайёр эканлигини, тўйга қарши рад этилмайдиган далилларни эшитиб туриб ҳам сизнинг ота-онангиз буни маъқуллайдиган бўлса, унда ҳеч бир эътирози йўқлигини айтиб якунлади.

Ф. Кафка

"Фелицияга мактублар"дан
1913


Наврўза ўгирмаси

@navroza_m