Get Mystery Box with random crypto!

​​ЭЪТИКОФНИНГ ФАЗЛИ «Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қ | Naqshband.uz

​​ЭЪТИКОФНИНГ ФАЗЛИ

«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» деган маъноларини ифода қилади.
Шариатда эса, пок шахснинг масжидда эътикоф нияти ила қолишига айтилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида: «У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб, жорий қилади», - дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.


Шарҳ: Демак, эътикоф уни қилувчи шахсни гуноҳлардан тўсади ва эътикоф ўтирувчи учун ҳамма яхшиликларни қилаётганларга ёзилаётган савобга ўхшаш савоб ёзилади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ушбу қабр соҳибини: «Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади», деганларини эшитдим».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда эътикоф ўтириш киши учун охиратда қанчалар катта саодатга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариш ундан бир неча чандон яхшиликларга эриштириши таъкидланмоқда.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади», - дедилар».
Байҳақий ривоят қилган.


Шарҳ: Бу ривоятда ҳам эътикофнинг фазли улуғ экани таъкидланмоқда. Шунинг учун бу фазлга эришиш мақсадида иложини қилиб, эътикоф ўтириш керак.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан.

Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
https://t.me/NaqshbandUZ