Get Mystery Box with random crypto!

'Ўзбекистон тиббиёти--инсон қадри учун' ПОП ТУМАНИ Поп ту | Namangan viloyati hokimligi

"Ўзбекистон тиббиёти--инсон қадри учун"

ПОП ТУМАНИ


Поп туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида кардиолог хонасини компьютер жамланмаси, коагулометр, танометр, фонендоскоп, электрон тарози, пульсоксометр, ЭКГ, ЭХОКГ, холтер, дефибриллятор ва лаборатория анжомлари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, бунинг учун маҳаллий бюджетдан 101 миллион сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек“Онко-назорат” (cancer-назорат) хонаси ҳам маҳаллий бюджетдан ажратилган 79 млн. сўмдан зиёд маблағ эвазига компьютер жамланмаси, гинекологик кресло, термоаблятор, термокоагулятор билан жиҳозланган.
Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасида шошилинч қабулхона бўлими ташкил қилинди. Туманда очилган “Туманлараро қўшма шикастланиш маркази”га ўрнатилган гемодиализ аппарати ишга туширилди. Натижада нафақат туман, балки қўшни туманлардаги беморлар узоғи яқин, мушкули осон бўлди. Яқин вақт ичида марказ таркибида ўрнатилган МСКТ аппаратининг ишга туширилиб, ангиография аппарати олиб келиб ўрнатилади.
Тумандаги 40 ёш ва ундан юқори 18699 нафар аҳолини скрининг текширувларидан ўтказиб, улардаги хавфли касалликларни барвақт аниқлашга муваффақ бўлинди. Беморлар учун даво чоралари кўрилди, айни пайтда скрининг текшируви натижаларига кўра касаллик ҳавфи бор деб топилган аҳоли “Д” назоратига олиниб, соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, 9894 нафар 45-65 ёшдаги аёллар орасида сут бези саратони учун текширувлар, яъни маммоскрининг жараёнида 249 та ҳолатда кўкрак бези саратони аломатлари аниқланиб, 14 ҳолат эрта босқичда аниқлангани маълум бўлди. 16652 нафар 35-55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни саратони скрининги ўтказилганда, 28 та ҳолатда саратонолди касалликлар, 17 та ҳолатда бачадон бўйни саратони аниқланди. 13 нафар аёлда бу касаллик эрта даврда аниқланди.
Жорий йилда эндокринологик касалликлар ва 40 ёшдан катталарда юрак-қон томир касалликларини эрта босқичда аниқлаш мақсадида 18699 нафар аҳолини мақсадли скрининг билан қамраб олиш режалаштирилган эди. Сентябрь ойида 4486 нафар аҳоли скринингдан ўтказилди ва  уларнинг 33 нафарида қандли диабет касаллиги, 268 нафарида юрак-қон томир касаллиги аниқланди. Тумандаги 20-, 21-, 22-, 23-, 24- ва 25-ОПларда 350 нафар хавф гуруҳидаги аҳоли орасида гепатит касаллигига мақсадли скрининг текширувлари ўтказилди. Ҳозирда касаллик аниқланган беморлар стандарт протоколлар асосида даволанишлари учун 1 млрд. сўмлик 120 хил турдаги дори воситалари билан бепул таъминланмоқда.
Ихтисослаштирилган ёрдам бўйича ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. Йил бошидан буён ихтисослашган марказларнинг вилоят филиаллари мутахассислари томонидан 25 минг нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилди, 140 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича 0-18 ёшгача бўлган 16 минг нафардан ортиқ болалар педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиб келиняпти. Касаллик аниқланган болалар “Д” назоратига олиниб, режа асосида соғломлаштириш чоралари кўриляпти. Яқин вақт ичида 4 нафар бемор болаларда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
АХБОРОТ ХИЗМАТИ