Get Mystery Box with random crypto!

Президент Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни инвестиция соҳасига д | Namangan viloyati hokimligi

Президент Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни инвестиция соҳасига доир аввалги топшириқлар ижроси ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Жорий йил 11 январь куни тижорат банклари томонидан жами қиймати 1 миллиард доллар бўлган инвестиция лойиҳалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жами қиймати 8,6 триллион сўм бўлган 9 та йирик саноат лойиҳаси тақдимот қилинган эди.

Давлат раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ, мазкур лойиҳаларни сифатли амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар, муддатлар ва масъуллар белгиланган “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан қўшимча равишда янги инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Тақдимотда ушбу янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, 10 та йирик тижорат банки томонидан жами қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 136 та янги лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди.

Миллий банк томонидан жорий йилда 225 миллион долларлик 6 та янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ҳамда Наманган вилоятларида поливинилхлорид ва алюминий ромлар ишлаб чиқариш, пойтахт ва Тошкент вилоятида поезд вагонлари ҳамда юк машиналарига хизмат кўрсатувчи транспорт-логистика марказини ташкил қилиш лойиҳалари шулар жумласидан.

Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар аввало иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиши кераклигини таъкидлади.

Иқтисодий комплекс идоралари ишни маҳаллалар даражасида ташкил этиши, тижорат банклари жойларда юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириб, айниқса, ёш тадбиркорларга кенг йўл бериши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун маҳаллаларда банкнинг янги бошқарув тизимини йўлга қўйиш, ҳар бир туман ва маҳалланинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда аҳолига ундан даромад топишни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.