Get Mystery Box with random crypto!

Намангандаги барча туманларда мономарказлар ташкил этилди Буг | Namangan viloyati hokimligi

Намангандаги барча туманларда мономарказлар ташкил этилди

Бугун Наманган вилоятидаги деярли барча туманларда бир вақтнинг ўзида мономарказлар очилди.

Мономарказларнинг ташкил этилишидан асосий мақсад ишсиз ва эҳтиёжманд фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашдан иборат. Бунда асосий эътибор меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга қаратилади.

Жумладан, Уйчи туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида ташкил этилган мономарказда иссиқхона ишчиси, ошпаз, қандолатчи, пайвандловчи, аёллар сартароши, тикувчилик, ҳайдовчилик, электромонтёр, хорижий тиллар, шина монтаж, бухгалтерия, компьютер графикаси, автомобилларни таъмирлаш каби йўналиш ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланиши режалаштирилган.

Мономарказда дастлабки босқичда тўртта йўналиш бўйича иш билан банд бўлмаган 110 нафар фуқаро бепул ўқитилади. Улар уч ой давомида стипендия билан ҳам таъминланади, битирганларидан сўнг сертификат берилади.

Норин туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида ташкил этилган мономарказда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий мамлакатларга кетаётган фуқаролар ҳамда ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш каби методик ва ташкилий ишлар амалга оширилади.

Учқўрғон туманида ҳам ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга қайта ўқитиш мақсадида тумандаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида мономарказ ташкил этилди. Бу ерда тикувчилик, қандолатчилик, новвойлик, асаларичилик, чилангарлик, инглиз ҳамда рус тили йўналишлари ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 134 нафар аёллар ва ёшлар таҳсил олмоқда.

Шунингдек, тумандаги Шаҳрихончек маҳалласида Учқўрғон касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилган бўлиб, 11 та йўналиш бўйича 3 ойлик қисқа муддатли ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Куни кеча ўқув марказининг 100 нафар битирувчисига дастлабки сертификатлар топширилди.

Мономарказларнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов, вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Раҳмонжон Расулов, вилоят Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиматов иштирок этди.

Маълумот учун, Наманган шаҳри ва Давлатобод туманида ҳам яқин орада мономарказлар ташкил этилиши режалаштирилган.