Get Mystery Box with random crypto!

СУД ТИЗИМИНИ АСОССИЗ РАВИШДА ҚОРАЛАЙВЕРИШДАН НИМА НАФ? Блогер | Наманган вилоят судлари | Расмий канал

СУД ТИЗИМИНИ АСОССИЗ РАВИШДА ҚОРАЛАЙВЕРИШДАН НИМА НАФ?

Блогер О. Тўхтаназаровнинг Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаати юзасидан

Халқимизда “ақлинг етмаган ишга аралашма”, деган гап бор. Бу бежиз айтилмаган. Зеро, билмаган ишга аралашиб, ўзича ақллилик қилиш одамни уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Бироқ, бу гаплар шу кунларда тирноқ остидан кир қидириб, судлар фаолиятига тумшуғини суқаётган Олимжон Тўхтаназаровга тааллуқли эмас. Чунки бу блогернинг асосий вазифаси ақли етмаган ишларга бурун тиқишдан иборат.

2022 йилнинг 22 декабрь куни Наманган вилояти маъмурий суди олдида видеочиқиш қилган О. Тўхтаназаров аслида яна ўша сафсатабозликни давом эттиради. Ўзини аризачи “Қумтепа оқ олтини” фермер хўжалигининг манфаати учун ҳаракат қилаётгандек кўрсатиб, фермер, унинг бир нафар ишчиси ва қонуний вакилига судларга нисбатан норозилик кайфиятидаги саволлар бериб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олади. Хўш, аслида ҳолат қандай?

Аризачи “Қумтепа оқ олтини” фермер хўжалиги маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Мингбулоқ туман ҳокимининг 2019 йил 26 январдаги “Гулистон ҳудудидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган “Қумтепа оқ олтини” фермер хўжалиги ер майдонларини тўлиқ туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисида”ги 161/124-сонли қарори ҳамда 2019 йил 5 февралдаги “Якка тол олтин замини” фермер хўжалигига пахта ва ғаллачиликка йўналишидаги фермер хўжалигига ижарага қўшимча ер майдони ажратиш тўғрисида”ги 367-сонли қарорининг аризачига тегишли ер майдонларини қўшиб бериш билан боғлиқ қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Наманган туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза рад қилинган.

Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб “Қумтепа оқ олтини” фермер хўжалиги юқори турувчи судга 25 ноябрь куни апелляция тартибида шикоят келтирган.

Наманган вилоят маъмурий судининг 2022 йил 22 декабрдаги апелляция шикоятини иш юритувга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрими билан ишни кўриш 2022 йил 13 декабрь куни соат 16:00 га тайинланган.

Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2022 йил 13 декабрдаги суд мажлисида аризачи вакили Ш. Ҳасанов (адвокат) ёзма илтимоснома билан мурожаат қилиб, иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш учун суд мажлисини бошқа кунга қолдиришни сўраган. Аризачининг вакили адвокат Ш. Ҳасановнинг илтимосномаси қаноатлантирилиб, суд муҳокамаси 2022 йил 20 декабрь куни соат 15:00 га қадар қолдирилган.

Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2022 йил 20 декабрдаги суд мажлисида “Қумтепа оқ олтини” фермер хўжалиги раҳбари С. Мамадалиев судлов ҳайъатига судьяларни рад қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилиб, мазкур иш бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига, яъни раислик қилувчи – судья О. Турдиев, ҳайъат аъзолари – судьялар Ф. Мадраҳимов ва Қ. Тажиматов томонидан иш қонуний кўриб чиқилишга ишонмаслигини, шунинг учун улар мазкур суд жараёнида иштирок этишлари мумкин эмаслигини, рад қилинишлари лозимлигини билдирган. Аммо, Наманган вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъати томонидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси яъни, судьяни рад қилиш асосларида назарда тутилган судьялар ишни кўришда иштирок этишини истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли фермер хўжалиги раҳбари С. Мамадалиевнинг судьяларни рад қилиш ҳақидаги аризаси рад этилган.

Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2022 йил 22 декабрдаги қарори билан, бир қанча асосларга кўра, Наманган туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, аризачи “Қумтепа оқ олтини” фермер хўжалиги раҳбари С. Мамадалиевнинг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Ишнинг асл ҳолати мана шундай.

Албатта, “санамай саккиз дейиш” осон. Аммо, суд ишларида, айниқса бир томонни оқлаш ёки иккинчи томонни қоралашда ўйламай, калтафикрлилик қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Сайт | Telegram