Get Mystery Box with random crypto!

ҲАДИСДА “ОЙДА УЧ КУН РЎЗА ТУТ” ДЕЙИЛГАН ЭКАН. ШУ УЧ КУН ОЙНИНГ | Namoz Vaqti | Taqvim 🌙

ҲАДИСДА “ОЙДА УЧ КУН РЎЗА ТУТ” ДЕЙИЛГАН ЭКАН. ШУ УЧ КУН ОЙНИНГ ҚАЙСИ КУНЛАРИ?
#ҳадис #рўза

1223-CАВОЛ: Ҳадисларда ҳар ойда уч кун рўза тутилса, йил бўйи тутган ҳисобланади дейилган. Саволим шуки, шу савобни олиш учун ойнинг қайси кунлари рўза тутиш керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Албатта, киши ҳар ойда уч кун рўза тутиб юрса йил бўйи рўза тутгандек бўлиши ҳадисларда айтилган:
أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنَ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُخْبِرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنِّي أَقُولُ وَاللهِ لَأَصُومَنَّ النَّهَارَ، وَلَأَقُومَنَّ اللَّيْلَ، مَا عِشْتُ. فَقُلْتُ لَهُ: قَدْ قُلْتُهُ بِأَبِي أَنْتَ وَأُمِّي. قَالَ: «فَإِنَّكَ لَا تَسْتَطِيعُ ذَلِكَ، فَصُمْ وَأَفْطِرْ، وَقُمْ وَنَمْ، وَصُمْ مِنَ الشَّهْرِ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ، فَإِنَّ الْحَسَنَةَ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، وَذَلِكَ مِثْلُ صِيَامِ الدَّهْرِ». قُلْتُ: إِنِّي أُطِيقُ أَفْضَلَ مِنْ ذَلِكَ. قَالَ: «فَصُمْ يَوْمًا وَأَفْطِرْ يَوْمَيْنِ». قُلْتُ: إِنِّي أُطِيقُ أَفْضَلَ مِنْ ذَلِكَ. قَالَ: «فَصُمْ يَوْمًا وَأَفْطِرْ يَوْمًا، فَذَلِكَ صِيَامُ دَاوُدَ عَلَيْهِ السَلام وَهْوَ أَفْضَلُ الصِّيَام». فَقُلْتُ: إِنِّي أُطِيقُ أَفْضَلَ مِنْ ذَلِكَ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا أَفْضَلَ مِنْ ذَلِك
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг “Аллоҳга қасамки, ҳаёт эканман, кундузи рўза тутаман, тунни ибодат билан ўтказаман”, деяётганим хабари етказилди. Мен у зот алайҳиссаломга дедим: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳақиқатдан ҳам шундай дедим”. У зот: “Сиз буни қила олмайсиз. Шу боис, рўза ҳам тутинг ва оғзи очиқ ҳолатда ҳам юринг. Бедор ҳам бўлинг, ухланг ҳам. Ойда уч кун рўза тутинг. Зеро, яхшилик эвазига унинг ўн баробари бордир. Мана шу йил-ўн икки ой рўза тутган кабидир”, дедилар. Мен: “Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади”, дедим. У зот: “Унда бир кун рўза тутинг, икки кун оғзи очиқ юринг”, дедилар. Мен: “Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади”, дедим. У зот: “Унда бир кун рўза тутинг, бир кун оғзи очиқ юринг. Бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир ва бу энг афзал рўзадир”, дедилар. Мен: “Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади”, дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундан афзали йўқ”, дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадисларда келган уч кун рўза тутиш ойнинг қайси кунларига тўғри келиши борасида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан,
وعن معاذة العدوية أنها سألت عائشة زوج النبي صلى الله عليه وسلم : أكان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصوم من كل شهر ثلاثة أيام ؟ قالت : نعم . فقلت لها : من أي أيام الشهر كان يصوم قالت : لم يكن يبالي من أي أيام الشهر يصوم . رواه مسلم
Муоза розияллоҳу анҳо айтадилар: “Оиша розияллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойдан уч кун рўза тутармидилар?”, дедим. У зот: “Ҳа”, дедилар. Мен: “Ойнинг қайси кунлари рўза тутар эдилар?”, дедим. У зот: “Қайси кун бўлишига эътибор бермасдан рўза тутар эдилар”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
وعن أبي ذر رضي الله عنه قال : قال لي رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا صمتَ شيئا من الشهر فصم ثلاث عشرة ، وأربع عشرة ، وخمس عشرة رواه الترمذي والنسائي
Имом Термизий ва Насоий раҳматуллоҳи алайҳлар Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишига “Агар бирор ойда рўза тутсангиз, ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари рўза тутинг”, деганлар.
Шундай экан киши ҳар ойда уч кун рўза тутмоқчи бўлса ихтиёр ўзида бўлиб, ойнинг қайси кунлари тутса ҳам ҳадисда айтилинганидек йил давомида рўза тутгандек бўлади.
Шунингдек, Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда баён қилинганидек қамарий ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари рўза тутса, янада афзал ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

NAMOZ VAQTLARI KANALI
https://t.me/+RTXeCLAxz2CqNsbt