Get Mystery Box with random crypto!

Китобхонликнинг уч босқичи СИЗ ҚАЙСИ БОСҚИЧДАСИЗ? Китобхонли | NAJOT NUR

Китобхонликнинг уч босқичи

СИЗ ҚАЙСИ БОСҚИЧДАСИЗ?

Китобхонликни шартли равишда қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин (менинг назаримда).

0. Ўқимаслик. Китобни кўрса, уйқуси келади.

1. Кўп ўқиш. Иложи борича кўпроқ ўқийди, ҳамма китобларни, ёппасига, танлаб ўтирмай. Айнан шу босқичда ўқиш малакалари шаклланади, яъни матнни англаш ва ўқиганларни тасаввур қилиш, савод чиқариш. Доим китоб кўтариб юради, имкон бўлиши билан ўқийверади. Ўқиган китоблари рўйхатини бошқа ўзи каби китобхонларники билан солиштиради, ҳатто рўйхат узунлигини миллиметрлаб ўлчаши мумкин Коэльонинг мухлиси бўлади.

2. Сифатли ўқиш. Энди танлаб ўқий бошлайди. Севимли китоблари рейтинги бўлади. Китобларга танқидий назар билан қарайди, саралайди, таҳлил қилади, яхши-ёмонга ажратади. Бунда бошқалар яхши деган китобни ёмонлаш, ёмон деганнини эса мақташ ҳам кузатилиши мумкин. "Фалончини ўқиганмисан?", "Писмадончини тушунмайсан" каби гапларни кўп айтади. Китоблар устида баҳслашади, тортишади. Кун тартибидан китоб ўқиш учун маълум вақт ажратиб, бу тартибга мунтазам риоя қилади. Коэльони ҳам, уни мақтаганларни ҳам ёмон кўради.

3. Ўқиш. Китоб ҳаёт тарзига айланади. Ҳар қандай китобни ўқиш мумкин деб ҳисоблайди. Китобларни яхши ё ёмон демайди, шунчаки ўқийди. Чунки ўқимаса бўлмайди, мияга кислород каби зарур бу. Балки ҳар куни ўқимас, доим ўқимас, аммо системали тарзда ўқийди. Китоблар ҳақида баҳслашмайди, фикрини айтади, холос. Ҳар қандай китобдан бирон фойда олади, ҳатто энг ёмон китобдан ҳам. Коэльони ўқиганларни ҳам, ўқимаганларни ҳам бирдек ҳурмат қилади.

Учинчи босқичга ҳамма етиб келавермаслиги мумкин, аммо етиб келганлар биринчи икки босқичдан албатта ўтган бўладилар.

P.S. Орада яна бир босқич борки, унда умрбод қолиб кетиб, китобхонликни унутвориш мумкин. "Ижтимоий тармоқлар" босқичи Айни кунларда кўпчилигимиз шу босқичдамиз...

Shahnoza Soatova