Get Mystery Box with random crypto!

ЎФАнинг қалтис таваккалчилиги: Нега миллий жамоамиз Россия бил | Muxbir Daliev

ЎФАнинг қалтис таваккалчилиги: Нега миллий жамоамиз Россия билан ўйнамоқчи?

Шу кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Россия билан ўртоқлик ўйинида иштирок этиши борасида хабарлар тарқамоқда. У ёки бу футбол амалдори миш-мишларга муносабат билдириб, унинг ҳақиқатга яқинлиги ва музокаралар давом этётганини айтмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг терма жамоалар бўлимида фаолият олиб бораётган мутахассис Усмон Тошев Sports.uz нашрига берган интервьюсида “Музокара кетяпти, 20 ноябрда ўйнамоқчимиз. Бир-иккита пунктлар ҳал бўлса, ўйин бўлади. Улар билан музокара давом этяпти. Ташкилий масалаларда айрим саволлар бор, ҳаммасини ҳал қилиб олсак... Ҳали вақтимиз бор. Насиб бўлса, Россия терма жамоасига қарши Тошкентда ўйин бўлиши мумкин”, деган ва унинг санасини 20 ноябрь, дея аниқ айтган.

Шунингдек, яқин ўтмишнинг таниқли футболчиси, айни пайтда Равшан Эрматовнинг ўринбосари саналган Одил Аҳмедов ҳам бу хабарларни тасдиқлаган.

Хўп, энди дўппини бир чеккага қўйиб, ўйлаб кўрамиз: Нега биз Россия терма жамоаси билан ўйнамоқчимиз ўзи?! Ҳа, у бизга нисабатан кучли Европа жамоаси! Гап-сўз йўқ!

Бироқ айни пайтдаги вазиятни мантиқ тарозисига солиб кўрамиз. Россия ва Украина уруши ортидан бугун барча йўналишларда русларга чекловлар киритилганини биласиз. Жумладан, спортда ҳам. Жорий йилнинг февралида ФИФА ва УEФА Россия терма жамоаси ҳамда футбол клубларини ташкилотлар қошидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштиришга қарор қилди. Шу сабаб жуда кўп терма жамоалар музокаралар чоғидаёқ Россия билан ўйнашдан қатъиян бош тортмоқда.

Энг сўнгги мисол Босния ва Герцоговина. Ўйин 19 ноябрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтиши керак эди. Аммо мамлакат футбол федерацияси президенти Вико Желкович ўйин номаълум муддатга қолдирилганини билдирди. Аввалроқ эса босниялик бир қатор футболчилар, жумладан Эдин Жеко, Миралим Пянич сингари юлдузлар ўйинда қатнашмаслигини эълон қилди. Европа жамоалари эса (Польша, Швеция, Чехия) февралдаёқ саралаш мусобақаларида Россия билан ўйнашдан бош тортган эди.

Бундай “отказ”лар ортидан Россия терма жамоаси ўзига рақиб танлаш учун ўзи билан “қалбан бирга” деб ўйловчи мамлакатларга алоқага чиқа бошлади. Биринчи галда МДҲдаги терма жамоалар. Қирғизистон розилик билдирди ва улар сентябрь ойида Бишкекда куч синашди. Репутациясини ўйлаган Озабайжон ва Қозоғистон эса таклифни “технично” рад этди. Сентябрь ойидаги суҳбатларда Ўзбекистонда бунга хоҳиш йўқ экани айтилган эди. Лекин вазият ўзгарган кўринади. Негаки, миш-мишларнинг аксариятида тарозининг палласи “ўтказилади”, деган томонга “тош босмоқда”.

Ўзи бу ўйин бизга керакми?! Йўқ!

Нега энди амалдаги вазиятни кўра-била туриб, “чўғ”ни қўл билан ушламоқчи бўляпмиз?!

Нега энди бизга нисбатан жаҳон миқёсда “туғиладиган” антипатияни ҳисобга олмаяпмиз?!

Нега энди аксар терма жамоалар юрган йўлдан (рад қилиш) юрмаяпмиз?!

Ёки ЎФА вице президенти ва айни пайтда Россия футбол иттифоқи президенти ҳузуридаги эксперт-ҳакамлар комиссияси аъзоси бўлган жаноб Равшан Эрматов буни ўйламаяптими?! Таклифни қабул қилишга мажбурми?!

Ҳозирча ЎФА расман ўйин ҳақида маълум қилмади. Агар шундай бўлса, бизнингча, катта хатога йўл қўйган бўлади. Ишонинг, бизнинг Европа ёки бошқа даражаси юқори бўлган ва ҳолатни адекват баҳоловчи терма жамоалардан ижобий жавоб олиш имкониятларимиз кескин камаяди. ФИФАнинг “қора рўйхати”га тушиш эҳтимоли ҳам катта.

Шу ва бошқа “риск”ларни ҳисобга олиб, ушбу ўртоқлик ўйинига рад жавоби берилиши тарафдоримиз!

@RakursUz