Get Mystery Box with random crypto!

Урушда ғолиб подшоҳ, ғолиб саркарда, ғолиб армия бўлиши мумкин | Muxbir Daliev

Урушда ғолиб подшоҳ, ғолиб саркарда, ғолиб армия бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон ғолиб инсон бўлмайди!
1-қисм

Тасаввур қилинг! 12 ёшли бола билан 20 ёшли йигит курашса ким ғалаба қозонади? Албатта, 20 ёшли вояга етган йигитда!

Россиянинг Украинага бостириб кириши ана шунинг учун ҳам нафратланарли. Бу зўровонлик! Буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аввал Қрим, энди эса Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье. Бу босқинчилик. Бу ҳар қандай халқаро умумэътироф нормаларга зид.

Ақли-хуши жойида ҳар қандай одам буни яхши англаб турибди. Ҳатто кўпчилик Россияликлар ҳам. Ўзи аслида рус халқининг украин халқига ҳеч қандай адовати йўқ. Улар азал-азалдан бир-бири билан дўст-биродар, қавм-қариндош бўлиб яшаб келишган. Уруш қурбонлари тажовузкорнинг нотўғри ориентацияси ва носоғлом фикрининг қурбони бўлмоқда.

Бу уруш фақат ва фақат бир томонга ғалаба келтиради. Украинага, бу аниқ! Бу уруш ўз ватанини, ўз халқини, ўз оиласини ҳимоя қилаётган украин халқи учун ҳақиқий ватанпарварлик урушидир. Украина ўзининг айрим ҳудудларини олдириб қўяётган бўлиши мумкин, лекин бу Украина мағлуб бўлди дегани эмас. Россия эса аксинча, Украинани батамом босиб олганда ҳам ғолиб ҳисобланмайди. У келажак авлод учун агрессор бўлиб қолаверади.

Қадимдан қолган гап бор: "Ҳовли олма, қўшни ол!" Афсуски, украинларни танлаш имконияти йўқ. Бўлганида, улар асло Россия билан қўшни бўлишни ҳоҳламаган бўлишлари мумкин эди.

Бу урушда рус халқи украин халқи билан урушмаяпти. Бу урушда Россия хукумати Украина хукумати билан урушяпти. Халқ эса қурбон бўляпти.

Энг ачинарлиси шундаки, халқимиз орасида ҳали ҳам бу урушни, Россияни оқлаётганлар, қўллаб-қувватлаётганларни борлигидир. Ҳали ҳам Россия зўр, Россияда қанча одамларимиз ишлаяпти, пул топаяпти, тирикчилик ўтказяпти деб ўйловчиларининг кўплигидир. Аслида унга олдин ҳам биз керак бўлганмиз, ҳозир ҳам биз керакмиз. Россияда ишлаган яхши, омалекин қора ишчи бўлиб эмас, тенг ҳуқуқли бўлиб. Бошқа чет давлатларда аксарият юртдошларимиз тенг ҳуқуқли бўлиб ишлашмоқда.

“Уруш деган палакатни, кўпинча, калтафаҳм сиёсатдонлар ўйлаб топади. Тўнкамижоз генераллар бошлайди. Жабрини эса бегуноҳлар тортади. Бегуноҳ аскар. Бегуноҳ ота. Бегуноҳ она. Бегуноҳ келин. Бегуноҳ гўдак…” Ўткир Ҳошимов. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”

@muxbirdaliev