Get Mystery Box with random crypto!

​​Тошкентда қурилаётган “Ислом цивилизацияси Маркази” ҳақидаги | Muxbir1

​​Тошкентда қурилаётган “Ислом цивилизацияси Маркази” ҳақидаги репортажни кўрдим.

Президент Мирзиёев бу марказга кўп марта келиб, ўз фикрларини билдириб, қарашларини такрорлаб келаяпди. Ислом ва мусулмонлар борасида, Мирзиёев Каримовдан кескин фарқ қилади. Каримов жамиятнинг диндорлик даражаси билан курашиб келди, исломни қолоқлик ва ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида қабул қилди. Мирзиёев эса, ислом динини жамиятни руҳлантириш, жипслаштириш, эркинлаштириш учун восита сифатида кўраяпди. Асосийси, ислом ўзлиги ва анъанавийлигидан ҳайиқмайди. Фақат, диннинг жамият тараққиётига тўсқин бўладиган талқинига рози бўлмайди.

Бу маънода, Мирзиёев ислом ва мусулмонлар билан курашишга мойил эмас, балки барча эркин ва тараққиётга мойил бўлган мусулмон давлатларидаги каби, радикал талқинларга қарши. Каримовни дунёқараши атеистик СССРда шаклланган эди. Мирзиёевни қарашлари эса, кўпроқ “перестройка” ва каримовча зиддиятлар даврида шаклланди. Асосийси, Президент Мирзиёев жамиятнинг диний эҳтиёжларини ҳис қилаяпди, уларни қондириш учун давлат сиёсати даражасида имконият излаяпди. Яқинда қиз-жувонларни ўқув даргоҳларида ўраниб юришини ҳимоя қилувчи шахсни Олий Таълим вазири сифатида тайинлаши ҳам, бу сиёсатнинг унсурларидан бири ҳисобланади.

Президент Мирзиёевни қарашларига кўра, баҳайбат қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази, бутун Марказий Осиёдаги шу йўсиндаги ягона муассаса бўлиши керак. Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига дахлдорлигини урғуловчи, жамиятга ислом маданияти ва маърифатина тарқатувчи, истиқболда бу борада стратегик ғоялар, лойиҳалар, ёндашувлар ишлаб чиқиш учун ҳам асосий майдонча бўлиши назарда тутилади. Каримов ҳам “Ўзбекистон ислом Университети”га асос солганди, Путинни олиб бориб, динни назорат қилиш технологияси билан мақтанган эди. Лекин, Мирзиёевни мақсади – назорат қилиш ва бостириш эмас, ҳақиқий исломий маърифат, илм ва ўзликни парваришлаш эканлиги кўриниб турибди.

Камолиддин Раббимов