Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон жамияти – пароканда жамият. Парокандалик – катта | Muxbir1

Ўзбекистон жамияти – пароканда жамият.

Парокандалик – катта жамиятнинг ёки ижтимоий тизимнинг жиддий патологик (нормадан оғишган, чиқиб кетган) ҳолатига айтилади. Бунда, маданият/минталитет ва ижтимоий-сиёсий муносабатлар кучли зиддиятга киришади, бир-бирини инкор қилади. Натижада, жамиятнинг бирлигига еки жипслигига катта зарар етади. Жамиятда гармонияли консенсусга эришиш имконияти деярли йўқолади. Парокандалик – бегоналашувнинг энг кучли манбаси ҳисобланади.
*
Парокандаликнинг асосий сабаби – асосий субъектлар жамиятдаги мавжуд зиддиятларни янги ёндашувлар, реал ислоҳотлар орқали ҳал қила олмаслиги ҳисобланади. Бундай қобилиятнинг пастлиги эса, демократия даражасининг пастлиги еки йўқлиги билан боғлиқ. Демократик жараёнларсиз эса, оммавий онг – жамият онги керакли даражада қайта ишланмайди, кераксиз маданий қолдиқлар чиқариб ташланмайди, зарарли унсурлардан фильтр қилинмайди, янги дунёқараш ва янги маданий асос шаклланмайди.
*
Ўзбекистон ижтимоий тафаккуридаги қўрқув эриб борар экан, жамиятнинг парокандалик даражаси жиддий ошиб боради. Чунки, жамият тафаккуридаги норозилик эриб, бўй кўрсатаверади. Бунга реакция сифатида куч ишлатиш сиёсатига қайтиш – янги лойиҳаларни тарихий даражада банкрот қилади. Куч ишлатмаслик сиёсатида давом этиш ва жамиятда ошиб борадиган дискомфорт ҳолатлар борасида сиёсий ёндашув ишлаб чиқмаслик – хавфли ноаниқлик ҳолатини кучайтиради.
*
Афсуски, Ўзбекистонда жамият учун долзарб масалалар, муаммолар табу остида қолмоқда. Давлат ва жамият даражасида, расмий ва очиқ мулоқот майдончаларида, салоҳиятли модераторлар иштирокидаги вазмин ва жиддий муҳокамалар мавжуд эмас. Умуман, Ўзбекистонда ҳукумат бор, давлат бор, жамоат арбоблари бор, лекин жамият ва давлат жипслигини таъминловчи, алоқачи ва воситачи салоҳиятидаги модераторлар кўринмайди. Давлат ва жамият ўртасидаги бегоналашув сақланиб қолмоқда. Чунки, давлат ва жамият мулоқотларида энг самимий ва энг долзарб масалалар кўтарилмайди, сўзлашув тили эса ўта расмий ва сохта. Шу сабаб, ғоя, фикр ва ахборот ташаббуси яна Ўзбекистон ташқарисида қолиб кетиш хавфи ошиб бормоқда.
*
Ўзбекистондаги парокандалик нафақат жамият даражасида, балки давлат сиёсатининг ўзида ҳам гармония, мувозанат йўқлиги кузатилади. Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотчилик сиёсати олдинги қаттиқ авторитаризмни сўссиз ҳурмат қилиш билан зиддиятга киришади. Бамисоли, бу борадаги зиддиятни, жамиятни ўзи ҳал қилиб олиши керак. Лекин, жамиятдаги олдинги маъмуриятга бўлган фундаментал ишончсизлик, иккинчи маъмуриятга ҳам кўчиб ўтиши кузатилмоқда.
*
Нисбий эркинлик, жамиятнинг дискомфорт ҳолати ва ҳокимиятга нисбатан ишончсизлиги ошиши фонида, давлатнинг реал модераторлик қобилияти ошиб бормаса, натижада ёки жамият эркинлигига, еки давлат барқарорлигига реал таҳдид пайдо бўлади. Давлат ўзига ишониши, ва демократик консенсус учун имконият излаши керак. Зиддиятлар ва парокандалик эса, жиддий чуқурлашмоқда.

Камолиддин Раббимов