Get Mystery Box with random crypto!

Кўз ўнгимизда юксалётган “AHMAD education” халқаро мактаби Ёд | Muxbir1

Кўз ўнгимизда юксалётган “AHMAD education” халқаро мактаби

Ёдингизда бўлса, бундан бир йил олдин Қўқон шаҳрида очилган хусусий мактаб “AHMAD education” ҳақида ёзган эдим. Жуда қисқа вақт ичида шуҳрат қозонга таълим даргоҳи халқаро мактаб мақомини олибди. “AHMAD education” муассасада амалга оширилётган ишлар ва ўзгаришлар ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш мақсадида бир гуруҳ блогер ва журналистларни таклиф қилди.

Лойиҳа раҳбари, давримизнинг прогрессив ёшларидан бири Жаҳонгир Аҳмедов. У тинимсиз изланадиган, янгиликдан чўчимайдиган, “планка”ни баланд қўядиган йигит сифатида таассурот қолдирган.

Халқаро мактабининг имкониятлари, ундаги ўқитиш ва таълимни ташкил этиш жараёнлари, хорижий тажриба ва амалиёт билан боғлиқ жиҳатлар, халқаро ҳамкорлик асосида олиб борилаётган илмий, назарий-амалий ҳамда уларнинг самараси ҳақида бирма-бир таништирди.

Мактабнинг дастлабки ҳолати ҳақида хабарим бўлгани учун бу ердаги ўзгаришларни дарров пайқадим. Бу мактабга киришдан то синфхонагача сезилди. Ҳар битта хона специфик хусусиятга эга. Бир синф 20 киши учун мўлжалланган. Ортиқча расм, шиорбозлик йўқ, ранглар мутаносиб, кўзни чарчатмайди, бачканаликдан йироқ. Ўқувчини чалғитмайдиган минимализм.

Турникетдан ўтган ўқувчилар рўйхати махсус базада йиғилади. Ўқитувчилар йўқлама қилиб ўтирмайди. Мавжуд ўқувчиларнинг қанчаси дарсда бор ёки йўқлиги аниқ бўлади. Яъни ўқувчи синф хонасига кирётганда ўқитувчи столидаги махсус мосламага ID картаси орқали қайд этади. Бу маълумот махсус бот орқали ота-оналарга етиб боради. Шу тариқа ота-она айни пайтда фарзанди қайси хонада, қандай дарсда эканидан хабар топади.

Халқаро мактабда дарсларни хорижий давлатларда таълим олган ҳамда айни вақтда малака ва тажрибасини ошириб келаётган, илғор билим, салоҳиятга эга бўлган ўқитувчилар, жумладан, Туркия давлатининг етакчи педагог мутахассислари ҳам жалб этилиб, жаҳон таълим стандартлари ва янгича ёндашув услубларида ёшларга таълим бериб келинмоқда.

«AHMAD education» бренди остида Қўқон шаҳрида «AHMAD education» International School ўтган йилдан фаолиятини бошлаган. Биринчи йил даврига кўра, талаб юқори бўлганлиги учун ўқувчиларнинг мактабга жойлашиши 60% тўлди. Бу йилда эса 170 ариза билан, яъни, қўшимча ўрта миқдорда 770 нафар ўқувчи билан ўқув фаолиятни бошлаш арафасидамиз. Бу йилдаги муҳим янгиликларимиздан бири, бизнинг мактаб Халқаро мактаб унвонига эга бўлди. Шунингдек, Туркия давлатидан 20 йилдан ортиқ юқори тажрибага эга бўлган таълим мутахассисларини ҳамкорлик қилиш учун таклиф қилдик. Selma Şuekinci ҳамда Uygar Şuekinci лар педагогика ва психология йўналишида таълим бериб, академик кординаторлик вазифаларида ҳам ўз фаолиятини олиб боришмоқда. Албатта, бу ҳамкорлик доирасидаги услубий ёндашувлар нафақат ўқувчилар, шу билан бирга ота-оналаримиз билан ўзаро мулоқотларни яқиндан ўтказиб, болалар таълим-тарбияси билан боғлиқ психологик маслаҳатлар, тренингларни мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда, деди Жаҳонгир.

Янги мактаб болалари учун замонавий жиҳозланган бинолар, хавфсиз ҳудуд, бассейн, 3 марталик овқат, ётоқхона ва спорт майдончалари мавжуд. Ундан ташқари, мазкур ўқув йилидан бошлаб, махсус автобуслар болаларни ҳар куни уйидан олиб келади ва олиб бориб қўяди.

Пресс-тур давомида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳамда таниқли журналист-блогерлар билан “AHMAD education International School” ўқитувчилари билан таълим тизимида учраётган муаммолар, камчиликлар юзасидан мулоқот қилдик. Ўқитувчилар жуда дадил, таклифлари ҳам ўринли. Шундай устозлар кўпайса, миллатимиз бундан фақат ютади.

Хулоса шуки, таълимга қанча инвестиция қилсак, юқори даражадаги мактабларни кўпайтирсак, кам. Мен юртимизда юзлаб “AHMAD education”лар бўлишини истайман. Бизни фақат илм юксалтиради!

@muxbir1